Ҳодиса эрталаб Рушту Кичукомер кўчасида жойлашган Аҳмет Қўюнжу касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида содир бўлган. Қўлида ов милтиғи бўлган 19 ёшли Ўмар Кет мактаб ҳудудига кириб, тасодифий равишда ўқ узган ва бинога кириб ҳам отишни давом эттирган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 10 нафар ўқувчи, 4 нафар ўқитувчи, бир нафар полиция ходими ва бир нафар ошхона ходими жароҳат олган. Улардан икки нафар ўқитувчи ва икки нафар ўқувчининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, ҳужумчи аввал ушбу мактаб ўқувчиси бўлган ва бир йил таҳсил олгач, очиқ таълим шаклига ўтган. У ҳодисадан олдин мактабнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида таҳдидли хабарлар қолдириб, яқин кунларда ҳужум қилишини билдирган.

Гувоҳларнинг айтишича, у мактаб дарвозасидан кириши биланоқ ўқ узишни бошлаган. Бу вақтда ўқувчилар орасида кучли саросима юзага келган ва барча хавфсиз жойга қочишга ҳаракат қилган.

Ҳодиса жойига тез ёрдам ва махсус операция кучлари жалб этилган, мактабдаги барча ўқувчи ва ходимлар эвакуация қилинган. Воқеа мактаб кузатув камераларида ҳам қайд этилган.

Ҳодисадан сўнг мактабда таълим жараёни 4 кунга тўхтатилди. Ўқувчи ва ўқитувчилар учун психологик реабилитация ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Туркия Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан кенг кўламли текширув ишлари бошланганини маълум қилди.