Туркиянинг Измир шаҳрида 23-28 август кунлари тиббиёт ходимларининг COVID-19 га қарши вакциналарни ишлаб чиқиш жараёни ҳақидаги билим даражасини ошириш бўйича биринчи семинар бўлиб ўтди.

Мазкур семинар Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Семинарда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистондан вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда COVID-19 пандемиясига қарши кураш соҳасида илмий тадқиқотлар билан шуғулланувчи тиббиёт мутахассислари бир стол атрофида бирлаштирди.

Учрашув доирасида шифокорлар вакциналарнинг барқарорлигини ўрганиш, фаол бўлмаган вакциналарни яратиш ва ишлаб чиқариш босқичлари, аденовирусли векторли рекомбинант вакциналарни ишлаб чиқиш стратегияси, ўсимликларга асосланган рекомбинант вакциналарни ишлаб чиқиш, вакциналарни клиник тадқиқ этиш мезонлари ва ДНКни тезкор ривожланиш стратегиялари каби масалаларни кўриб чиқди.

Тадбирда Туркия институтлари — Ихтисослашган муассасалар орасида Меҳмет Акиф Эрсой экспериментал тадқиқотлар ва ўқитиш маркази, Эгей университети тиббиёт факультети, Измир биомедитсина ва геном маркази, Хажеттепе университети тиббиёт факультети, Акдениз университети қишлоқ хўжалиги факультети мутахассислари вакциналарни ишлаб чиқиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди, деб хабар беради «Дунё» АА.