Учрашувда томонлар мамлакатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш орқали юк ва йўловчи ташувлари ҳажмини ошириш, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишди.
Ўзбекистон ва Туркия шаҳарлари ўртасида бажарилаётган мунтазам авиақатновлар сони бугунги кунда ҳафтасига 56 тани ташкил этаётгани, автомобиль транспортида юк ташувлари соҳасида рухсатнома бланкаларини электрон айирбошлаш E-Permit тизими ишга туширилганини томонлар алоҳида эътироф этди.
Учрашувда транспортнинг барча турлари орқали юк ва йўловчи ташувлари ҳажмини ошириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг мамлакатларимиз турли ҳудудларига ташриф буюришлари учун янада қулай бўлган шароитларни яратиш юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, томонлар икки мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасида навбатдаги учрашувни ташкил этиш, янги муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.