Суҳбат чоғида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ришталари мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Туркия ишончли стратегик ҳамкорлар ҳисобланади, парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланяпти.

Икки мамлакат парламент аъзолари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида делегациялар алмашинуви тизимли асосда амалга ошириляпти. Парламент аъзолари қонун ижодкорлиги бўйича ўз тажрибаларини ўрганиб, ўртоқлашяпти.

Жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланиши алоҳида таъкидланди.

Учрашувда маданият, илм-фан, спорт соҳаларидаги, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Таълим, санъат, адабиёт соҳаларини ривожлантириш, икки мамлакат парламентлари қўмиталари ва ёш депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларга оид лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорликда фикр алмашилди.

Жорий йилнинг февраль ойида Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги Оқсоқоллар кенгашининг якунлари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.