АҚШ Геология хизмати 7,8 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 04:17 да 1 миллиондан ортиқ аҳолига эга Газиантеп шаҳри яқинида 17,9 км чуқурликда содир бўлганини маълум қилди.

Туркия вице-президенти Фуат Октай Туркияда қурбонлар сони 284 нафарга етганини айтди.

Сурияда 230 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда давлат матбуоти. Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Алеппо, Латакия, Хама ва Тартус вилоятларида зилзила қурбонлари борлигини маълум қилди.

Яқин соатларда қурбонлар сони кескин ортиши борасида хавотирлар бор.

Кўплаб бинолар қулаган, қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолганларни қидирмоқда.

Туркияда камида 2323 киши, Сурияда 639 киши жароҳат олган.

Ерости силкинишлари пойтахт Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, бутун минтақада – Кипр, Ливан ва Сурияда ҳам сезилди, бу ерда Туркия каби кўплаб қурбонлар бор.

Сурия давлат матбуоти Алеппо вилоятида кўп сонли бинолар қулаганини маълум қилди, Хамадаги давлат хизматидаги манбага кўра, у ерда бир қанча бинолар қулаган, деб хабар бермоқда Reuters.

Туркиялик сейсмологлар зилзила кучини 7,4 балл деб баҳолаган. Уларнинг сўзларига кўра, бир неча дақиқадан сўнг минтақада иккинчи силкиниш юз берган.

Турк Қизил Хоч ташкилоти раҳбари Керем Киник бинолари жиддий зарар кўрган ва вайрон бўлган ҳудудга ёрдам бериш учун ресурсларни сафарбар қилаётганини айтиб, Туркия халқаро ёрдамни қабул қилишга тайёрлигини билдирди, дейилади bbc.com сайтида.