Маълум қилинишича, марҳуманинг жасади Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги кўмагида юртимизга олиб келинган.

Қайд этилишича, Дилафруз Чуллиева 2026 йил 25 январь куни Туркиянинг Баликесир ҳудудидаги иш жойидан номаълум томонга чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Шу муносабат билан унинг ўғли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментига мурожаат қилган.

Мурожаатдан сўнг Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилиб, Туркия Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда қидирув ишлари бошланган.

Анқарадаги элчихона ва Истанбулдаги Бош консулхона, шунингдек диаспора ташкилотлари, адвокатлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида қидирув ишлари олиб борилган.

2026 йил 28 февраль куни Баликесир туманидаги ўрмон ҳудудидан шахси номаълум жасад топилган.

Жасад узоқ вақт давомида қолиб кетгани сабабли уни ташқи кўриниши орқали аниқлаш имкони бўлмаган. Шу боис топилган жасад ҳамда марҳуманинг ўғлидан олинган қон намуналари асосида ДНК (ДНА) таҳлиллари ўтказилиб, жасад Дилафруз Чуллиевага тегишли экани тасдиқланган.

Мазкур жиноятни содир этганликда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, мутасаддилар марҳума ҳақида ижтимоий тармоқларда тасдиқланмаган ва ўрганилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраб, унинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиришган.