Туз кўли Туркияда иккинчи ўринда турадиган ва дунёдаги энг катта шўр кўллардан бири саналади. У кўчиб юрувчи ҳайвонларнинг севимли яшаш жойларидан бири бўлиб, қадимдан фламинголар уйи бўлган. Гарчи кўл саёз ва йил давомида унда ёғингарчилик жуда кам миқдорда бўлса-да, кўлнинг шўрлиги кўчиб юрувчи қушларнинг уялашига ёрдам беради. Бироқ, об-ҳавонинг ўзгариши натижасида келиб чиққан қурғоқчилик кўлда сув сатҳининг пасайишига олиб келди ва фламинголар учун озиқ-овқат топиш қийинлашди.

Айни пайтда Кўнёнинг Жиҳанбейли ҳудудида жойлашган кўлнинг баъзи жойларида қушларнинг жасадлари сочилиб ётибди. Қушлар март ойида кўлга учиб келишган. Ёзда ушбу ҳудудга тез-тез келиб турадиган табиатшунос фотограф Меҳмет Эмин Ўзтуркнинг айтишича, Туз кўли “фламинголар учун жаннат бўлган, аммо ҳозир у даҳшатли тушга айланди”.

Таъкидланишича, Туз кўлида ҳар йили наслчилик даврида 5000 дан 10 000 гача фламинголар туғилади. Ҳозирга қадар атиги 5 мингта қуш дунёга келган.