Халқ маслаҳати таркиби 56 кишидан ташкил топади. Амалдаги сайлов қонунчилигига асосан, уларнинг 48 нафари вилоятлар ва Ашхобод шаҳридан маҳаллий вакиллик органлари (халқ маслаҳати) йиғилишларида яширин овоз бериш йўли билан сайланади, яна саккиз аъзо мамлакат Президенти томонидан тайинланади.

Туркманистон сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияси маълумотига кўра, 48 мандат учун 112 номзод рўйхатга олинган, уларнинг 26 фоизини аёллар ташкил этган.

Сайлов жараёнини 440 нафар миллий кузатувчи ўз ваколатлари доирасида мониторинг қилди.

2019 йил сентябрь ойида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов икки палатали парламент тизимига ўтиш ташаббуси билан чиққан эди. Милли Генгеш таркибига Халқ маслаҳати (юқори палата) ва Межлис (қуйи палата) киради, деб хабар беради «Дунё» АА.