Унда йиғилганларни уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Салим Ашур байрам билан қутлади. Аъзоларимиз сафи яна бир карра кенгайиб, адабий жараёнда турли тиллардаги ижодий янгиликлар, асарлар янада кўпайиши хусусида гапирди. Шундан сўнг, бир гуруҳ ижодкорларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

– Миллатим қозоқ бўлсада, Ўзбекистонда туғилдим, шу юртда вояга етдим, таълим олдим, – дейди Айсулув Буксинбаева. – Ҳозирда ўқув маркази раҳбари бўлишимга қарамасдан, наср йўналишида ижод қилиб келяпман. Бугунгача «Бахтга интилиш», «Оққушлар армони», «Кўнгилдаги маржонлар», «Дугоналар» каби китобларим нашр этилди. Байрам олдидан уюшма аъзолигига қабул қилинганим мени беҳад қувонтирди. Бу мамлакатимизда турли миллат ижодкорларига қаратилаётган эътиборнинг бир намунасидир, деб ўйлайман.

Маълумки, юртимизда рус, қозоқ, тожик, корейс каби қатор миллатлар бир тану бир жон бўлиб яшашмоқда. Уларга давлатимиз томонидан, миллати, динидан қатъий назар, кўплаб шароитлар яратилган. Қонунчилигимизда яқинда тасдиқланган «Халқлар дўстлиги куни»ни нишонлаш ҳам яна бир эътиборнинг кўриниши бўлиб, унда халқимизга хос бағрикенглик ва азалий дўстлик ғоялари ифода топган. Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. 141 та миллий-маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Бу эса Ўзбекистонда қардош элатларимизнинг ҳам ўз ўрни борлигини билдиради.

Тадбирда сўзга чиққанлар эртанги байрамнинг ана шу жиҳатлари ҳақида сўз юритди.

Учрашув сўнггида уюшма аъзолигига қабул қилинганлар ўзларининг кўнгил кечинмаларини, миннатдорлигини изҳор қилди. Ижод намуналаридан ўқиб берди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист