Энди фуқаролар банкка бормайди, аксинча банк уларнинг ёнига боради.

2025 йил 12 сентябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти ҳамда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида талабалар учун муҳим аҳамиятга эга учрашув ташкил этилди.

Мазкур тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқичда таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди. Шунингдек, Туронбанкнинг масъул ходимлари ва Марказий банк экспертлари ташриф буюриб, талабалар билан очиқ мулоқот ўтказдилар.

Учрашувнинг асосий мақсади — талабаларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларда замонавий молиявий қарашларни шакллантириш, келгусида тўғри касбий йўналиш танлашлари учун мотивация бериш ҳамда иқтисодиёт соҳасига қизиқишини янада кучайтиришдан иборат бўлди.

Молиявий саводхонлик — замонавий билимнинг муҳим қисми

Дастлаб тадбир иштирокчиларига молиявий саводхонлик тушунчаси ва унинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Марказий банк ва Туронбанк вакиллари талабаларга шахсий молияни тўғри бошқариш, маблағни тўғри тақсимлаш, тўғри сармоя киритиш, кредит ва депозит хизматларидан оқилона фойдаланиш борасида амалий мисоллар билан тушунтиришди.

Жумладан, "Туронбанк" АТБ Тошкент шаҳар БХМ раҳбари Р.Х. Маҳмудов банк раҳбарияти номидан сўзга чиқиб, банк тизимида ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, ЖИДУдан танлаб олинган 10 дан ортиқ талабалар ҳозирнинг ўзидаёқ расмий равишда иш бошлаган. У келажакда иқтисодиёт соҳаси учун билимли ва салоҳиятли кадрлар зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, талабалар молиявий саводхонликнинг нафақат шахсий ҳаётда, балки келгусида уларнинг мутахассис сифатида фаолиятида ҳам катта аҳамиятга эга эканига амин бўлишди. Замонавий иқтисодиётда рақобатбардош бўлиш учун ёш авлоднинг молиявий билимларга эга бўлиши айни муддао экани таъкидланди.

Савол-жавоб ва очиқ мулоқот

Учрашув жараёни қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Хусусан, Чакана бизнес департаменти директори А.К. Талипов эса молиявий барқарорлик ҳамда турли молиявий хавф-хатарларга алданмаслик борасида махсус тренинг ўтказди. Тренинг давомида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзуларда ва банк тизими, молиявий хизматлар, бозор иқтисодиётида юзага келаётган янги имкониятлар ҳақидаги саволларига ҳам экспертдан батафсил жавоб олишди.

Талабаларнинг фаоллиги, қизиқиш билан иштирок этишлари тадбирга алоҳида руҳ бахш этди. Бу эса ёшлар нафақат назарий билим олиш, балки амалиётда қўлланиладиган билим ва кўникмаларга ҳам катта қизиқиш билдиришларини кўрсатди. 

“Келажак мутахассислигим” мавзусида мотивация

Анжуман давомида талабаларга “Келажак мутахассислигим” мавзусида мотивация берилди. Мутасаддилар ҳар бир ёш ўз касбини севиб танлаши, у соҳада профессионал даражага эришиши ва энг муҳими, Ватан тараққиётига ҳисса қўшиши зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

Ёшлар учун касб танлашда масъулиятли бўлиш, ўз устидан ишлаш, замонавий билимларни эгаллаш ва янгича ғоялар билан чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Туронбанкнинг ёшларга қаратилган дастурлари

Тадбирда алоҳида таъкидланган муҳим жиҳатлардан бири Туронбанк томонидан амалга оширилаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари бўлди.

Маълум қилинишича, ҳозирда банк 200 нафар талабага махсус стипендия ажратган. Стипендия эгалари бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятига эга. Улар нафақат молиявий кўмак олишади, балки иш жараёнида амалий тажриба тўплаб, келгуси фаолияти учун зарур кўникмаларни ҳам эгаллаб боришади.

Шунингдек, тадбирда Туронбанк стипендиясига эга бўлган талабаларга эсдалик совғалари ҳам топширилди. 

Инновацион лойиҳа —тезкор мобил банк офиси

Учрашув якунида иштирокчилар Туронбанкнинг инновацион ташаббуслари билан ҳам танишишди. Жумладан, банк томонидан яратилган тезкор мобил офиси барча ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди.

Автомобиль ичида жойлаштирилган мазкур офис замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, унда барча турдаги банк хизматлари кўрсатилади. Энди фуқаролар банкка бормайди, аксинча банк уларнинг ёнига боради. Бу эса аҳоли учун катта қулайлик ва замонавий хизматлардан самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ЖИДУда ўтказилган мазкур учрашув талабалар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Тадбир орқали улар молиявий саводхонлик бўйича қимматли билимларга эга бўлдилар, ўзларининг келгусидаги касбий йўналишлари ҳақида мотивация ва тўғри йўл-йўриқ олишди.

Марказий банк ва Туронбанкнинг бундай ташаббуслари ёшларнинг нафақат молиявий билимларини ошириш, балки уларнинг келажакда ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассиси бўлиб етишишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 Зулхумор АКБАРОВА

Реклама