Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий-маданий марказ вакиллари, маҳалла фаоллари, халқ хўжалиги соҳаларида меҳнати синган нуронийлар ҳамда ёшлар жам бўлишди.
Байрам оқшоми аввалида иштирокчиларга сўнгги беш йилда вилоят ҳаётида рўй берган ўзгариш ва ютуқлар ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Учрашувда сўзга чиққан кўпни кўрган нуронийлар халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган кўплаб эзгу ишлар, келажакни барпо этишда ёшларнинг ўрни қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. Ёшлар ҳам юртимизда уларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб фикр билдиришди.
— Давлатимиз раҳбари биз ёш авлодни замонамизнинг ёш қаҳрамонлари, жамиятимизнинг “олтин фонди”, Янги Ренессанс бунёдкорлари деб атамоқда. Бу биз учун юксак шараф, албатта, — дейди учрашув иштирокчиси Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилнавоз Қўлдошева. — Президентимизнинг “Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади”, деган сўзлари барчамизга чексиз куч ва шижоат бахш этади.
Байрам тантаналари вилоят санъат усталари иштирокидаги катта концерт дастурига уланиб кетди.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири