“Promotions” компанияси томонидан ташкил этилаётган мазкур профессионал бокс кечасининг марказий жанги иккинчи ярим енгил вазнда(59 кг) россиялик Марк Урванов ва венесуэлалик Энджел Родригес ўртасида кечади. Бу иккала боксчи WBA йўналиши бўйича чемпионликка даъвогарлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун баҳслашишади.
Мамлакатимиз боксчиларидан Шукрулла Воҳидов 61,2 килограмм вазн тоифасида украиналик иқтидорли боксчи Зоравор Петросянга қарши рингга кўтарилади. Айтиш лозимки, қатор промуотерлар томонидан “келажаги бор”лар сафида эътироф этилган украиналик боксчи фаолияти мобайнида 11 та жанг ўтказиб, барчасида ғалабага эришган.
Яна бир боксчимиз фарғоналик Аббосхон Мирзаабдуллаев россиялик Александр Дорофеев билан 4 раундлик жанг ўтказади. Қўқон бокс мактаби тарбияланувчиси Аббосхон боксдаги фаолияти мобайнида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони ва оғир вазнда Осиё чемпионати ғолиби бўлган. Унинг рақиби Дорофеев Россия чемпионатининг бронза медали соҳиби. Профессионал боксда иккита жанг ўтказиб, иккаласида ҳам ғалаба қозонган.
Екатеринбург рингида ўз омадини синаб кўрадиган яна бир боксчимиз наманганлик Отабек Мирахмедов оғир вазнда Георгий Юновидов билан куч синашади. 6 раундга мўлжалланган мазкур учрашувда Ўзбекистон чемпионатлари совриндори бўлган ҳамюртимизнинг имкониятлари қай даражада эканлигини вақт кўрсатади. Унинг рақиби хусусида шуни айтиш лозимки, Юновидов ўз вақтида оғир вазнда Россия чемпионлигига эришган, қатор халқаро турнирлар ғолиби, профессионал боксда битта жанг ўтказиб, унда хамюрти Герман Скобенкони очколар ҳисобида мағлуб этган.
Ўзбекистон профессионал
Бокс федерацияси Матбуот хизмати