2020 йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз “Ислом маданиятининг олтин асри” ҳамда Амир Темур асос солган муҳташам салтанат ҳақида алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Бу икки Ренессанс даврларида она заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори бўлган улуғ уламолар, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар етишиб чиққан. Айнан шу комиллик сари етакловчи шахсларнинг мислсиз хизматлари туфайли улар яшаб ижод қилган “Ренессанс даврлари” бугун ўрганилмоқда.
Муайян ҳудуд ва замонда кўплаб алломаларнинг улғайгани – унда тарбиянинг ўзига хос услублари мавжудлигидан, тизими шаклланганидан далолат беради. Айнан ўша тарбия услублари таъсирида бу алломаларимиз турли соҳа ва давр вакили бўлишига қарамасдан ҳар бири, авваламбор, гўзал ахлоқ соҳиби бўлган ва мустаҳкам интизомлари сабабли нодир асарлар битиб, инсоният фахрига айланган. Шундай экан, табиий савол туғилади: – Ўзбекистон аҳолисининг ахлоқи Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда қандай аҳамият касб этади? Гўзал ахлоқ эгаларини тарбиялашда ўша биринчи ва иккинчи Ренессанс даврлари тарбия услубларидан қандай фойдаланишимиз мумкин?
Миллат тараққиётида ахлоқнинг аҳамиятини билиш учун ахлоқсизлик оқибатлари ҳақида мулоҳаза қиламиз. Шундагина ахлоқсизлик натижасида келиб чиқадиган қанчадан-қанча муаммоларнинг олдини олинаётганини чамалаш мумкин: 2020 йил 20 август куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Психологик мудофаа. Тарих учун кураш – келажак учун кураш” номли давра суҳбатида Россия физиги, Курчатов институти президенти Михаил Ковальчук тарихий фактни келтирди. Дунёга бошқаришни кўзлаб ташкил этилган Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) биринчи президенти (1948-1953 й.й.) Г.Б.Чисхолм хатидан иқтибос келтирди: “Дунёни бошқаришга эришиш учун одамларнинг шахсиятини, оилавий садоқат туйғусини, миллий ватанпарварлиги ва диний таълимотини уларнинг онгидан сиқиб чиқариш керак. Ҳақиқат ва ёлғон каби бола тарбиясига асос бўладиган тушунчаларни барбод қилиб, аждодлар тажрибасига таяниш қадриятини янгича-рационал “тафаккур”га алмаштириш – инсон ахлоқини бузиш учун мўлжалланган талаблардир”.
М.Ковальчук “Дунёни бошқариш стратегик босқичларини: авваламбор, инсоннинг ахлоқини бузиш, сўнг унинг онгига муқобил “умумбашарий ахлоқ нормалари”ни жойлаб, шахсга абсолют эркинлик бериш”дан иборатлигини асослаб берди. – “Ушбу босқичлар оқибатида, давлатлар суверенитетига барҳам берилади”, – дея шарҳлади. У математик моделлаштирилган тафаккур билан ишлайдиган – когнитив (ахборот, био ва нано) технологиялар таъсир имкониятига катта баҳо берди. XXI асрдаги барча “рангли” инқилобларни: – “оломон онгини когнитив технологиялар орқали бошқариш оқибати” – дея изоҳлади. Интернет тармоғини эса: – “одамлар ўз ихтиёрлари билан кирадиган ахлоқ тузатиш лагерлари Бош Бошқармаси(ГУЛАГ)нинг замонавий шакли” сифатида таърифлади. Бошқача қилиб айтганда, интернет каби когнитив технологиялар – ахборот ва бошқа воситалар орқали инсонга таъсир этиб, уни стресс ҳолатига туширилади. Стресс ҳолатдаги оломон эса онги осон бошқариладиган тоифадан ҳисобланади.
Демак, миллат вакиллари орасида ахлоқсизликнинг оммалашуви – аҳоли мафкурасини бошқариш орқали пировардида давлат суверенитетига тажовузга олиб боради. Бундан келиб чиқадики, тарбияга йўналтирилган фаолият замирида давлат хавфсизлигининг мухофазаси ётади. Шунинг учун ҳам аждодларимиз тизимлаштирган тарбия услубларини бугунги кунга татбиқ эта билсак Учинчи Ренессанс суръати жадаллашишига эришамиз.
Бироқ, 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари яшайдиган мамлакатимизда Ислом таълимоти тарбия услубларини бошқа диний конфессия вакилларига борлигича татбиқ қилиб бўлмайди. Мазкур тарбия услублари барча инсонларга диний эътиқодидан қатъий назар бирдай татбиқ этилиши учун уларнинг инсон онги нодиний соҳасига психологик таъсирини ўрганиш керак бўлади. Таъсир омиллари, қонуниятлари ва механизмларидан келиб чиқиб диндан ҳоли муқобил услублар жорий қилинади.
Бундай тадқиқот ўтказиш учун авваламбор, инсон онгининг нодиний соҳасига таъсир этишга мослаштириш мумкин бўлган Ислом таълимотидаги бир қанча самарали тарбия услублари ажратиб олинади. Сўнг уларнинг таъсир самарасини сақлаб қолган ҳолда, ҳар бирига муқобил нодиний машқлар ишлаб чиқилади. Мисол учун: оилани мустаҳкамлашга қаратилган зикр, ғазабни тийиш каби ўз-ўзини ҳотиржам қилиш услубларни олайлик.
Ислом таълимотининг Аллоҳ зикри тарбия услубига муқобил равишда инсоний фазилатларни ёддан санаш машқини жорий қилиш мумкин. Бунда муносабатида низо келиб чиққан томонларнинг ҳар бири ўнта ўзининг нуқсони ва низолашаётган томоннинг ўнта фазилатини биринчи кун якунида ёд айтиб бериши керак бўлади. Уларга фазилатларни лўнда ва тўғри ифодалашда ёрдам берилади. Имкон қадар шахсий нуқсонларининг акси бўлган фазилатларни санаши мақсадга мувофиқлиги айтилади.
Ёд олган фазилатларни иккинчи кун давомида ўн маротаба такрорлайди ва яна ўнта ҳислатни қўшиб ёдлайди. Жами йигирмата ҳислатни учинчи кун давомида ўн марта такрорлайди. Шу ишни сифатлар сони юзтага етгунича давом эттиради. Ўн биринчи кундан бошлаб эса мавжуд сифатларни, ёд олганларидан фазилатлироқ сифатларга алмаштиради. Диний хусусиятдан ҳоли бу услубдан исломга оид бўлмаган эътиқоддаги эр-хотин ёки ота-она билан фарзанд ўртасидаги низоларни бартараф қилишда фойдаланиш мумкин. Чунки бу услуб билан инсонга ўзидаги кибру-ҳаво, ғурурланиш камчилигини бартараф этиб, низолашган суҳбатдошининг фазилатларини санагани сари унга ҳурмати ортишига олиб келади. Томонлар ўз камчилигини ва ўзганинг фазилатларини англагач эса низо бартараф бўлади.
Ғазабни тийишга қаратилган тарбия услубида эса динийлик кузатилмайди. Фақат унинг муқобилини таърифлашда тушунча ва терминларни ўзгартириш кифоя қилади. Масалан: Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар”. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган. Ислом динига оид бўлмаган тарбияланувчиларга бу ғазабни тийишга оид тарбия услубини тушунтиришда инсон психологияси ва биологиясига таянилади. Яъни, ғазаб, ҳасадгўйлик овқат ҳазм қилиш аъзоларини жароҳатлайди, ғам-алам эса қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради. Агар инсон бирон нарсадан доимо қўрқувда яшаса унинг қалқонсимон безлари заҳмат чекади. Асабий зўриқиш, салбий ҳаяжонлар гипертонияга, юрак фаолиятининг бузилиши ва инфарктга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилади. Бу касалликларни олидини олиш учун эса, ғазабланганда, тик турган бўлса, ўтириб олиши, ўтирган бўлса ёнбошлаши, шунда ҳам ғазаби кетмаса юз қўли ва оёқларини ювиб олишни тавсия этилади.
Эр-хотин орасидаги муносабатларни тиклашда ҳатто суннат талоқ шаръий ҳукмининг психологик таъсир услубидан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки шаръий ҳукмларга риоя қилинса, суннат талоқ оилани сақлаб қолишга хизмат қилади. Бугунги кунда ёшларнинг ўйламай уч талоқ қўйиш ҳолатлари, аслида, ушбу ҳукмни билмасликларидан келиб чиқмоқда.
Аҳли сунна ва ал-жамоа мазҳаббошиларимиздан Имом Аҳмад (р.а.): – “Суннат талоқ бир мартадир, уни уч менструация кўргунича тарк этади.”-деганлар. Имом Молик, Авзои, Имом Шофий ва Абу Убайд (р.а.)лар ҳам шундай деганлар. Абу Ҳанифа (р.а.) “Суннатида уч марта талоқ қилмоқдир ҳар қуруъ(менструациядан покланган) да битта талоқ билан”, – деганлар. Бу бошқа Куфа олимларининг ҳам гапидир.
“Ҳидоя” ва “Фатхул қодир” да муфассал баён қилинишича, Зафар Аҳмад Усмоний Таҳовий айтади суннат талоқни ҳасан ва аҳсан талоққа бўлишган. Аҳсани – бир талоқ қўйиб, аёлни уч менструация кўргунича тарк этишдир ва бу барча имомларнинг наздида ҳар бир покликда бир талоқ қўйгандан афзалидир. Чунки у надоматдан энг узоғидир, аёлга зарарни камайтиради. Ҳасан – ҳар покланганида бир мартадан талоқ қўйиши бидъат талоққа нисбатан “ҳасан” – “яхши” бўлган.
Суннат талоқда қўйилган талабларга асосан, эр бир уйда хотинини тарк этиб, эр-хотинлик қилмай бошқа-бошқа ўринда яшайди. Талоқнинг шаръий ҳукми бўлган бу вақтда, бугунги кун психологлари аниқлашича, икковларига ҳам ўз камчиликларини, муносабат ва тасаввурларидаги оғишларни англаб, уларни ўнглаш имконини беради. Эр ва хотин ролли ўйинда қатнашган иштирокчининг ҳолатида бўлганида. Низоли вазиятдаги мулоқот ва ўзаро алоқалари билан боғлиқ кўникмалар ижобий томонга ривожланади. Жуфтини фақат ўзича идрок қилиш иллатини енгиб, ҳамдардликка қадам қўйишади. Ўз эҳтиёжлари ва ҳиссий таъсирланиши тўғрисидаги тушунчалари янгиланади.
Ушбу шаръий ҳукмни низолашган эр-хотинга психологияда мавжуд бўлган ролли ўйин нуқтаи назаридан тушунтирилади. Уларга ўзларини бир хонадонда яшайдиган бегоналардек тасаввур қилиш тавсия қилинади. Бундан ташқари юқорида келтирилган ўз нуқсони ва турмуш ўртоғининг фазилатини санаш машқини қўшиб бажариш маслаҳат қилинади. Ғазабни тийиш машқларидан ҳам лозим бўлганида фойдаланиш мумкин бўлади.
Натижада, жуфтининг бирон камчилигидан ранжиб аразлашган эр-хотин агар ажрашса нималардан маҳрум бўлишини реал ҳис этади. Яъни, ўзаро таъсир ҳолатини моделлаштиради: эр-хотин бир-бирининг ёрдамисиз кун кечиришга ҳаракат қилади. Аввал ювилиб, дазмолланаётган кирлар – ювилмай уюм бўлаверади. Иссиққина тайёр овқат ўрнига колбаса-нон кабилар танаввулига ўтилади, меҳмонларга бориш, уйдагиларни қувонтириш ҳаракатлари тўхтатилади. Яъни ажрашганга ўхшаш ҳолатда муносабат қилинади. Психолог Анна Азарнова таъкидлаган рол ўйинлар услубининг ажойиб хусусияти шундан иборатки, ролли ўйин бир мунча вақтгача ўзидан ҳоли бўлиш, одатий ва ўрганиш бўлиб қолган, деярли беихтиёр ўйнайдиган (“ижро этиладиган”) ролларни қайта тиклашга имкон беради. Эр-хотин жуфтининг ижобий ҳислатларини эслайди. Араздан қайтади.
Исломга оид бўлмаган эътиқод вакилларига ана шу ролли ўйинлар шакли тавсия этилади. Бундан ташқари, суннат талоқ шаръий талабида мавжуд бўлган аёл кишини менструация даврида талоқ қилмаслик шарти ҳам биологик ва психологик тушунтирилади. Агар аёлларнинг менструация даври ўрта ҳисобда бир ҳафта давом этиши инобатга олинса, ҳар ойнинг қарийиб бир ҳафтаси “талоқдан тийилиш ҳафтаси”га айланса, ажиримлар сони 25%га камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Ибн Халдун ёзади: “Таълим ва тарбия жараёнида сиз боланинг ҳаракатларини қатъий чегараламанг, уларга жаҳл ва зулм қилманг. Қайси шогирд зулм ва қаҳр билан тарбия топса, хотираси тарқоқ бўлиб, шодлиги ва сурури йўқолади, хотира паришонлиги ва ғамгин қалби туфайли билим миясига ҳам кирмайди. Ғамгин, ҳафсаласиз одам, заиф, суст бўлади. Ўз муаллимидан зарар ва жабр кўрган шогирд ёлғончи, риёкор, ҳийлагар ва фикри бузуқ бўлади. Чунки муаллимидан қўрқиб, юрагида аланга қолмайди. Натижада мактабдан қочади. Халос бўлиш учун минг баҳона топади. Баъзан мактабга келса ҳам, ўқитувчи назаридан ўзининг ёмонлигини яшириш учун иккиюзламачилик қилади. Тўғрисини айтмасдан ёлғон ишлатади. Бориб-бориб у ёлғони, найранглари, риёкорлиги табиатига сингиб, болани ахлокий фазилатлардан маҳрум этади. Ўз устозидан лат еган, зулм кўрган шогирд қўрқоқ ва журъатсиз бўлади, мазлумликка ўрганиб, ўзини ҳимоя қила олмайди, одамнинг олий фазилатларидан бири бўлган ҳиммат таянчидан маҳрум бўлади!”.
Абдулла Авлоний таъкидлашича “Инсон жавҳари қобилдир. Агар яхши тарбия топиб, бузуқ хулқлардан сақланиб, гўзал хулқларга одатлануб, катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, бахтиёр инсон бўлиб чиқар. Агар тарбиятсиз, ахлоқи бузулуб ўсса, Аллоҳдан қўрқмайдурган, ... насиҳатни қулоғига олмайдурган, ҳар хил бузуқ ишларни қиладурган, нодон, жоҳил бир расвои олам бўлиб қолур”. Бетарбияликка олиб борадиган, тескари таъсир қиладиган бақириш ёки қўл кўтариш одатлари ота-онанинг фарзандига муносабати нотўғри шаклланганлиги сабабидан келиб чиқиши ота-онага тушунтирилади.
Агар ота-она фарзандга фикр билдиришнинг нотўғри услубини танласа бола психологик инқироздан узоқ йиллар давомида чиқа олмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади. Биринчи инқироздан иккинчисига, сўнг навбатдаги инқирозга йўлиқавериши ва натижада бола ёлғончи, риёкор бўлиб улғайиши эҳтимоли катта экани тушунтирилади. Фарзанд тарбия қилишда ота-онанинг энг муҳими, едиришу кийинтиришдан ҳам баланд турадиган вазифаси – фарзандига психологик мўътадил муҳит яратиши экани айтилади.
Мазкур услубларнинг психологик таъсирини татқиқ қилиш мумкин. Бунинг учун аввал бу услублардан фойдаланмаган икки тоифа тарбияланувчилар танлаб олиш керак бўлади:
- Ислом дини вакиллари;
- Ислом динига оид бўлмаган тарбияланувчилар
Уларнинг психологик портретини ўрганиб, феълий нуқсонлари рўйхати тузилгач, ҳар бир нуқсонини бартараф этишга қаратилган услублар танлаб, уларнинг муқобили шакллантириш керак бўлади. Мазкур услублар мос равишда иккала тоифа тарбияланувчиларига ўргатилгач улардаги психологик ўзгаришлар махсус тестлар ёрдамида мунтазам мониторинг қилинса, татбиқ қилинган тарбия услубларининг психологик таъсиридаги фарқни ўрганиш мумкин бўлади. Ахлоқий тарбия усулининг тарбияланувчи психологиясига таъсир даражасини аниқлайдиган сўровнома тайёрлаб, тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб тавсиялар ишлаб чиқиш мумкин.
Бу услубларнинг турли тоифадаги юртдошларимизнинг кундалик турмушига сингдириб, турли дин вакилларида ўзаро уйғун психологик ва коммуникатив мослашувчан қобилиятларни тарбиялаш орқали уларнинг жипслашуви орттириш мумкин бўлади. Ижтимоий жипслашувнинг ортиши эса Учинчи Ренессанс пойдевори яратилиш суръатини оширишга, аҳоли мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарам президентимиз таъкидлаганларидек: - “Ҳаммамизга аёнки, бугунги мураккаб глобаллашув даврида жамиятимизда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ёшларимизни турли зарарли ғоя ва таҳдидлардан асраш, уларни ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда”. Мафкуравий иммунитети кучли ахлоқи гўзал ёшларимиздан эса яқин келажакда бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори бўлган улуғ уламолар, беназир олимлар, мумтоз шоир ва мутафаккирлар етишиб чиқишига ишонамиз.
Яшнар ХУДАЙБЕРГАНОВ,
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси талабаси