Бугун олий таълим муассасалари чекига янгича дунёқарашга эга, янгиланишлар моҳиятини теран англаб, тез қарор қабул қиладиган, серқирра мутахассисларни тайёрлашдек масъулиятли вазифа тушган. Унинг ижросини таъминлаш эса бундан 10-20 йил аввалдагидек эмас, албатта. Ҳозирги ёшлар олдингиларидан мутлақо фарқ қилади.  Ўй-хаёллари, орзу-умидию хатти-ҳаракатларидан муаммоларигача буткул янгича ёндашувни талаб этади.

Шу йилнинг 11 апрелида давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қилишимиз зарур бўлган ишлар яна бир карра эслатилди. Хусусан, ёшлар фаолиятини ташкил этиш ва жалб қилинаётган ресурслар самарадорлигини ошириш мақсадида мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Институтимизда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш, муаммоларини бевосита маҳаллаларда ўрганиш, бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни таъминлаш мақсадида қатор ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ОТМда таҳсил олаётган талабаларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда уларни санъат ва маданиятга қизиқтириш бўйича беш муҳим ташаббус доирасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, талабалар ва институтимизга бириктирилган маҳаллалар ёшлари ўртасида футбол, волейбол, эркин кураш бўйича спорт мусобақалари ўтказиляпти. Президентимиз йиғилишда олий таълим муассасалари,  коллеж ва техникум битирувчиларининг иш билан таъминланиш ҳолатига ҳам танқидий ёндашди. Чунончи, ўтган йили 11 та давлат олийгоҳининг 11 мингдан зиёд битирувчисидан 6,5 минг нафари ишга жойлашмагани, профессионал таълимда ҳам ўтган йили коллеж ва техникумларни битирган 143 минг ёшдан 30 минги иш топа олмаганини куюнчаклик билан таъкидлади.

Мана шундай ҳолат бизда такрорланмаслиги учун институтимизда кадрлар буюртмачилари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш,  қандай  мутахассисларга эҳтиёж борлигини аниқлаш, ишга жойлаштириш ва битирувчиларнинг меҳнат фаолиятини кузатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутахассислар тайёрлашда 30 дан ортиқ иш берувчи корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Шартномаларга кўра, битирувчилар амалиётини бевосита ишга жойлашиши мумкин бўлган корхона ва ташкилотларда давом эттиради.

Талабалар ва иш берувчиларни ўзаро боғловчи “Карьера маркази” ташкил этилган. Унда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилади. Хусусан, меҳнат қонунчилиги, меҳнат бозоридаги мос бўш иш ўринларини излаш кўникмаси, иш берувчи билан суҳбатда ўзини тутиш усуллари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасининг илғор мутахассислари ҳамда экспертларини жалб қилган ҳолда касбга йўналтириш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади. Бу фаолиятни амалиёт билан уйғунлаштириш учун ОТМда қандолатчилик, сартарошлик, дурадгорлик, тикувчилик, чет тилини ўргатиш курслари ташкил этилган. Мазкур жараёнда талабалар ўқишдан ажралмаган ҳолда касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилади.

Йиғилишда “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ишлатиш тизими ўзгариши ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, жамғарма ёшларни кўпроқ касбга, тадбиркорликка ўргатиб, бандлигини таъминлашга хизмат қилиши керак бўлса-да, ҳокимлар атиги 10 фоиз маблағни бандликка йўналтиргани, “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган 25 та ёрдамнинг 5 тасидан фойдаланаётгани танқид қилинди. Бундан сўнг ёшларни касбга ўқитиш, меҳнат қуроли, уруғ-кўчатга субсидия ажратиш каби турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилади.

Уруғ ва кўчатга 2,5 миллион сўм ўша ҳудуддаги уруғ-кўчат хўжаликларидан сотиб олиш учун тўғридан-тўғри бериладиган бўлди. “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар билан ишлашда анимация, дизайн, логистика оператори, гид каби замонавий касблар бўйича ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида институтимизда алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унинг асосида ишлар ташкил қилинмоқда. Жумладан, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган кўмакка муҳтож, “аҳволи оғир” тоифага кирган 100 нафар ёш институтимизга бириктирилди. Бу тоифадаги ёшлар билан манзилли ишлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.