Айни кунларда халқимиз Президентимиз Мурожаатномасида билдирилган фикр-мулоҳазалар таассуротлари билан яшамоқда. Зеро, мазкур ҳужжатни сўнгги йиллардаги шиддатли ислоҳотларга назарий ва амалий пойдевор бўлган Ҳаракатлар стратегияси ва Тараққиёт стратегиясининг мантиқий давоми, десак ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Мурожаатнома ҳозирда нафақат юртимиз, балки дунё жамоатчилиги диққат марказида турганининг сабаби ҳам шундан.
Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган Мурожаатнома миллий давлатчилигимиз тарихида кейинги йилларда шаклланиб, расмий одатга айланиб улгурган давримизнинг асосий сиёсий ҳодисасидир. Юртбошимизнинг самимийлик билан йўғрилган ва ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги муаммолар ва вазифаларни қамраб олган Мурожаати ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. У масалани кўрсатиб ўтиш билан бирга, юртдошларимизни анчадан буён ўйлантираётган саволларга аниқ жавоб бўлди.
Бугун мамлакатимиздаги кенг қамровли ижобий ўзгаришларни таҳлил қилиш, моҳиятини одамларга етказиш устувор аҳамиятга эга. Чунки Ўзбекистонда айни пайтдаги ривожланиш босқичида олиб борилаётган том маънодаги халқпарварлик сиёсати инсон қадрини улуғлашга, уни эъзозлашга қаратилган.
Юртимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган мураккабликларга тўла шонли йўли муайян босқичларни қамраб олади. Аммо охирги йилларда ҳаётимизнинг барча йўналишларида, хусусан, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва ташқи сиёсат соҳасида бўлсин, умуман, туб ўзгаришлар юз берди.
Мурожаатномани вилоят фаоллари билан эшитдик, кўрдик. Аввало, таъкидлаш лозимки, барча ислоҳотлар одамларимизнинг яшаш тарзини яхшилаш, фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашга ундайдиган халқчил сиёсат ўз натижасини бермоқда. Сабаби, бу ислоҳотлар жойлардаги реал ҳолатларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилишга йўналтирилган лойиҳалар муҳокамаси билан, бугун, эртага, яқин келажакда бажариладиган аниқ ишлар таҳлилига ёндашиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Президентимиз вилоятларга ташрифи чоғида ҳам ҳар бир ҳудудни комплекс ривожлантиришга аҳамият қаратади. Турли манзиллардаги вазият билан шахсан танишади, ютуқларни қайд этиш билан бирга, кўзга ташланган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан маҳаллий ва тармоқ раҳбарларига топшириқлар беради. Буни Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожи мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ҳар бир ташрифида янги ташаббус ва ғоялар билан халқимизни илҳомлантиради. Масалан, 2020 йил июнь ойидаги сафарида Наманган шаҳри таркибида Давлатобод ва галдагисида Янги Наманган туманларини ташкил қилиш таклифини берди. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш учун уларнинг талаб ва хоҳишларини тўлароқ ҳамда тезроқ қондириш имконини яратиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Мурожаатномада эса Наманган шаҳрини республика бўйсунувига ўтказиш тўғрисидаги кўрсатмаси бизни янада руҳлантирди. Давлатимиз раҳбарининг Наманган аҳлига доимий ғамхўрлиги бизга масъулият юклаб, шараф бағишлайди.
Шу ўринда Мурожаатномадаги айрим йўналишларга қисқача тўхталмоқчиман. Биринчидан, Президентимиз давлатчилигимизга янгича шакл ва мазмун бериш, давлат бошқарувини янада ихчамлаштириш юзасидан кўпчиликка маъқул тушган масалаларни ўртага ташлади. Жумладан, жойларда “Ҳукумат куни”ни ўтказиш, бир-бирини такрорлайдиган вазирлик ва идоралар сонини қисқартириш, вазирларнинг ҳудудларда мунтазам ҳисобот бериши ва бошқа кўрсатмалари халқчил давлат бошқаруви самарадорлигида жуда зарурдир. Бизнингча, “Ҳукумат куни” орқали давлат бошқарувини халққа янада яқинлаштириш, жойлардаги муаммоларни сансоларликсиз ҳал этиш кўзда тутилмоқда. Фақат бугина эмас, ҳар бир ҳукумат аъзоси ёки тармоқ раҳбари ҳудудларда соҳа вакиллари олдида ҳисобот беришга тайёргарлик кўришининг ўзи унга тизимдаги ислоҳотлар натижаси учун шахсан жавобгар эканини ҳис қилдиради.
Иккинчидан, ҳисобдорлик муаммоларни маълумотномалардаги мисол ва фактлар эмас, юзма-юз мулоқот орқали билиш, зудлик билан чоралар кўриш имконини туғдиради. Ўйлаймизки, мазкур янгилик давлат бошқарувидаги халқчиллик, очиқлик ва самарадорликка замин бўлади. Бошқача айтсак, бу миллий давлатчилигимиз такомилидаги ва замон талабидаги тамойилдир. Энг муҳими, давлат бошқарувида марказлашишдан қуйига ўтишни жадаллаштиради. Зеро, тарихимизда ўта марказлашган давлат бошқарувининг салбий оқибатларига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Шавкат Мирзиёев доимо йўналишлар бўйича ишлар таҳлилини қилар экан, соҳадаги муаммо учун иккита масъул шахсдан — дастлаб маҳаллий ижро органлари раҳбаридан, сўнгра вазирлардан масъулият талаб этилишини таъкидлайди. Мазкур тамойил давом эттирилиб, вилоятларга ташрифлари чоғида Бош вазир ўринбосарларидан ҳисобот ва маҳаллий ижро органлари мутасаддиларидан қатъий масъулият сўраляпти.
Албатта, бундай амалиёт жойлардаги ва марказдаги раҳбарлар масъулиятини оширади. Ижро интизомини яхшилайди. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ҳудудларда “Ҳукумат куни” ўтказишни Мурожаатномада долзарб ташаббус сифатида олға сурди. Яқинда қабул қилинган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ҳам ҳукумат аъзолари ва вазирларнинг тармоқдаги ислоҳотлар натижаси учун шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Мурожаатномада “маҳаллабай” ишлаш тизимини ташкил қилиш ва уни янада такомиллаштириш хусусидаги фикрлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу тизим 2022 йил 1 январдан жорий этилганди. Пировардида, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва бандлигини таъминлаш билан маҳалла даражасида шуғулланиш бошланди. Бу масалага синчковлик билан эътибор берилишининг сабаби, одамлар кундалик ҳаётининг кўп қисмини оиласида ўтказади ва маҳалладаги ўзгаришларни ўз кўзи билан кўради. Ислоҳотлар ижросини ўз хонадони, маҳалласи мисолида ҳис қилади. Эртанги кунга ишончи кучаяди, ўзида ҳам фаоллик, дахлдорлик пайдо бўлади. Дарвоқе, “маҳаллабай” тизимини шунчаки кредит бериш, ер ажратишдан иборат иқтисодий тадбирлар мажмуаси эмас, балки фуқаролар онгини, дунёқарашини ўзгартиришга йўналтирилган сиёсий аҳамиятга молик тамойил, деб ҳисоблаш лозим.
Камбағалликка қарши курашиш бўйича жаҳонда етакчи институт бўлган J-PAL экспертларининг эътирофича, камбағалликни қисқартиришда ноёб амалиёт — “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизимида ишлаш ва шу мақсадда ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари институти ижобий натижасини бермоқда. Амалий кўмаклар билан ҳар бир маҳалла мамлакатимизнинг кичик, қуйи бўғини сифатида ривожланиб, унда ҳар бир фуқаронинг шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши учун етарли шароитлар ҳозирланди. Хонадонлар хатлов асосида эринмай ўрганиляпти, улардаги муаммолар оворагарчиликсиз “иссиғи”да ҳал қилиняпти. Эҳтиёжманд оилалар учун оилавий тадбиркорлик лойиҳалари тайёрланиб, амалга оширилмоқда. Йирик миқдорда кредит ва субсидиялар ажратилмоқда. Президентимизнинг янги таклифи билан энди “Маҳалла бюджети” тизими қўлланилади. Вилоятимиздан Уйчи тумани шу мақсад учун танланди. Маҳалла ривожи ҳудуд ва юрт тараққиётига етаклайди. Шунинг учун “маҳаллабай” ишлашга бағишланган ислоҳотлар бугун мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам сиёсатчилар томонидан “Ўзбекистон тажрибаси” дея эътироф этилмоқда.
Мурожаатномада тилга олинган яна бир устувор йўналиш — таълимда сифатни таъминлаш билан боғлиқ вазифалар хусусида ҳам фикр билдирмоқчиман. Шу ўринда бир савол туғилади. Нима учун давлатимиз раҳбари мазкур масалада жиддий бош қотирмоқда? Президентимизнинг истиқлолимизнинг 29 йиллик байрами муносабати билан халқимизга табригида ҳам мамлакатимизда “Ўзбекистонда Учинчи уйғониш даври” учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда” ва “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган даъватлар янграганди. Янги 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея номланишида ҳам фалсафий мантиқ-мазмун мужассам.
Айниқса, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг касбий фаолиятига аралашмаслик тўғрисидаги меъёрларни Конституцияда белгилаб қўйиш ташаббуси устозларни беҳад қувонтирди. Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунидан бошлаб замонавий билим ва малакага эга кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳидаги юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш йўлида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига эътибор бериб келади.
Бу бежиз эмас. Чунки ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, жамият ҳаётини ўзгартириш, аввало, таълим тизимидаги ислоҳотлардан бошланади. Ҳа, мактабни ўзгартирмасдан туриб, инсонни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг ишончли пойдевори мактаб экани, мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчи экани аён. Бироқ мустақиллик йилларида таълимга доир юзлаб қонун қабул қилинганига, чора-тадбирлар белгиланганига қарамай, мактаблардаги маънавий муҳит, ўқитувчи касбининг нуфузи пасайиб кетди. Инновацион технологиялар жорий қилиниши суст бўлгани ҳам рост. Булар, шубҳасиз, таълим сифатини яхшилашда, замонавий кадрлар тайёрлашда талайгина тўсиқларни, муаммоларни келтириб чиқарди.
Ўша “оғриқли нуқта”лар инобатга олиниб, Янги Ўзбекистонда таълим тизими, хусусан, мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш давлат сиёсатида асосий кун тартибига чиқди. Президентимиз халқ таълими тизимига оид ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилди, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тасдиқланди, ҳуқуқий негиз тамомила янгиланди. Ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларига таяниб, 11 йиллик мактаб таълим тизими тикланди. Бу орқали эса таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясидаги узилишларга барҳам берилди, нуқсонлар камайди.
Шунингдек, мактаб таълимида таркибий ўзгаришлар баробарида мазмун-моҳиятан янги мактаблар очиш саъй-ҳаракатлари бошланди. Юртимиздан етишиб чиққан, дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк боболаримиз Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Темурбеклар мактаби, Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар, таниқли ижодкорлар номидаги ижодий мактаблар ташкил этилгани ёшларимизнинг замонавий билим олишида қўшимча қулайликлар яратди.
Янги педагогика институтлари очилди. Наманганда бу йўналишга мўлжалланган университет факультетлари ажралиб чиқиб, институт мақомига эга бўлди. Ўқитувчилар меҳнати ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тизимли равишда рағбатлантирилмоқда. Шу муносабат билан Президентимиз Мурожаатномада “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда”, деган пурмаъно иқтибосни келтириб, барча мактаб педагогик жамоаларига мурожаат қилди: “Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради? Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларнинг масъулияти — айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман — сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар”.
Таълимни сифатли даражага кўтаришни уқтирар экан, давлатимиз раҳбари келгуси йилдан бошлаб бошланғич синфларда янги методикага асосланган дарсликлар билан ўқитиш йўлга қўйилиши ҳақида топшириқ белгилаб, юқори синфларда таълим ва тарбия сифати талаб даражасида эмаслигини танқид қилди. Бу эътироз олимлар, ҳар бир олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларию тадқиқотчилари зиммасига масъулият юклайди.
Ҳаётимизни олий таълим тизимисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини ҳеч ким инкор этмайди. Ислоҳотлар самараси айнан шу соҳадаги ишларнинг қай даражада эканлиги билан чамбарчас боғлиқ. Кейинги йилларда шу йўналиш мислсиз ўзгаришларга юз тутди. Олий ўқув юртлари сони кескин кўпайди. Хусусан, 2017-2022 йилларда янги давлат ва хусусий олий таълим муассасалари ташкил қилиниб, улар сони 198 тага, Наманганда эса 3 тадан қарийб 10 тага етди. Олий таълимга қабул жараёнларини адолат, шаффофлик ва очиқлик мезонлари асосида ташкил этиш, жамият тамаддунига, ахборот асрига муносиб янги таълим йўналишлари очиш, таълим квоталарини ошириш мунтазамлик касб этмоқда.
Бундан ташқари, замон талабларига мос кадрлар тайёрлаш, амалиётда халқаро тажрибани кенг қўллаш мақсадида хорижий нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда. Наманган давлат университетида Россиянинг Герцен номидаги педагогика университети, Урал тиббиёт университети билан биргаликда очилган қўшма тиббиёт факультетлари бунга ёрқин мисолдир. Мухтасар айтганда, шиддатли ислоҳотлар олий таълим олдига ҳам янги-янги вазифаларни қўймоқда. Демак, ҳар қайси олий ўқув юрти хизматчиси юрт тараққиётига муносиб улуш қўшадиган маънавий юксак, замонавий кадрларни тарбиялаш муқаддас бурчи эканини унутмаслиги даркор.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 2023 йил ва истиқболдаги йиллар учун вазифаларни аниқ-тиниқ белгилади. Масалага шу нуқта назардан ёндашсак, бу ҳужжатни бемалол давримизнинг бош сиёсий дастури деб аташ мумкин. Бу дастурга амал қилиш, уни бажариш эса юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда катта омилдир.
Турсунбой ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори