Сўнгги йилларда агротуризм, экотуризм, тиббиёт туризми каби иборалар пайдо бўлди. Энди хорижлик сайёҳлар ва ватанимиз бўйлаб саёҳатга отланган юртдошларимиз она заминимиз инъом этаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган ва сайёҳлар учун маҳсулотларини тақдим этаётган тадбиркорлар ҳузурида бўлади. Уларнинг фаолияти мисолида далаларда етиштирилаётган турфа неъматлардан баҳраманд бўлиш имкониятидан фойдаланади. Бунда ҳам ҳордиқ чиқарилади, ҳам саломатлик тикланади. Чунки эко ва агротуризм масканларидаги бир-биридан сархил меваларга тўла боғлар, узумзорлар кўрган кўзни қувнатади, у ерларда етилган мевалар танага дармон, руҳга қувват бағишлайди. Доривор гиёҳлар плантацияси, дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилган ўсимликлар билан тўла иссиқхоналардаги манзара эса кишига завқ бағишлайди. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида фаолият юритаётган “Mehrigiyo” хусусий корхонаси ҳам юртимиз туризмига, ҳам иқтисодига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 1992 йили кичик корхона шаклида ташкил этилган мазкур муассаса шифобахш ўсимликлар ва тропик мамлакатларда ўсадиган мевали дарахтларни ўз экинзорларида етиштириб, улар асосида инсон саломатлиги учун фойдали чой, ёғ, шарбат, бальзам ва парфюмерия воситаларини ишлаб чиқармоқда.

Маҳсулотларнинг 100 фоиз табиийлигини таъминлаш мақсадида ўсимликлар етиштиришда минерал ўғитлар, пестицидлар ва бошқа кимёвий воситалардан мутлақо фойдаланилмайди. Тайёр маҳсулотлар давлат стандарти талаблари асосида керакли кўрсаткичлар бўйича сараланади, тайёрланади ва қадоқланади. Корхона экин майдонида юртимизда ўсадиган ноёб ўсимликлар, доривор гиёҳлардан тортиб лимон, мандарин, апельсин, банан, киви, папайя, зайтун, гуава, гуанабана, манго, нони, чуфа, фейхоа, гинкго билоба, ананас, қаҳва дарахтлари, лаванда ва розмарин каби ўсимликлар ҳам парваришланмоқда. Шунингдек, экинзорларда асаларичилик ҳам ташкил этилган. Тропик мамлакатлардан келтирилган ўсимликлар маҳаллий шароитга мослаштирилган. Энди ўсимликлар плантацияларда кўпайтирилмоқда. Нони тропик ўсимлиги 7 метргача ўсар экан. Асосан Гавайи ороллари қирғоғида, Австралиянинг қумли соҳилларида, Гуам оролларида ёввойи ҳолда ўсади. 2016 йилдан буён нони “Mehrigiyo” корхонаси ботаника боғида ҳам парваришланмоқда. Нони дарахтининг меваси, барги, уруғи ва пўстлоғидан тиббиётда кенг фойдаланилади. У озиқ моддаларнинг танага сўрилишини кучайтиради, ўсмалар ўсишини тўхтатади, емирилаётган ҳужайраларни тиклайди. Ҳозир “Mehrigiyo” корхонаси маҳсулотлари нафақат ички бозор учун ишлаб чиқариляпти, балки Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Бу йилдан эса Америка Қўшма Штатлари ва Саудия Арабистони билан шартнома тузилди. Унга кўра, энди “Mehrigiyo” бренди мазкур давлатларда ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади.

— Ерга қадалган уруғ ёки кўчатнинг ўзини тутиб олиши, қандай ҳосил беришида ер ва иқлимнинг аҳамияти беқиёс, — дейди корхона асосчиси, I даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Алижон Абдураззоқов. — Корхонамиз плантациялари жойлашган Фарғона вилоятининг унумдор, экологик тоза ерлари Тян-Шан, Помир, Олой тоғлари билан ўралган. Олтин, кумуш, кремний ҳамда бошқа макро ва микроэлементларга бой Сўх дарёси суви билан суғорилади. Тоза ҳаво, унумдор тупроқ, қулай иқлим, Ғарбдан доимий иссиқ, Жануби-шарқдан нам совуқ ҳаво эсиши, кундузги ва кечки ҳароратнинг икки баробар фарқи, яъни кундузи 40 даража бўлиб, кечқурун 20 даражагача пасайиши сифатли, органик модда ва витаминларга тўйинган хомашё олишда қўл келади. Ҳозирги кунда корхона мутахассислари янгидан-янги биологик дармондорилар яратиш борасида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Биз мамлакатимиз иқлимида ўсадиган 200 дан ортиқ ўсимликдан фойдаланяпмиз. Ҳали фаолиятимиз давомида қўллаш мумкин бўлганлари қанча. Бу эса касалликларнинг олдини олувчи ва безарар даволовчи шифобахш гиёҳлардан фойдаланиш имконияти кенглигини билдиради.

Корхона Тошкент фармацевтика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда жаҳоннинг турли мамлакатларида ўсадиган ўсимликларни маҳаллийлаштириш ва улардан шифобахш маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш борасида изланишда. Умумий майдон 24 гектарни ташкил этади, шундан 1 гектарда иссиқхона қурилди. Наманган вилоятида қўшимча 200 гектар майдонда лаванда гули етиштирилмоқда. Бу мавсумдан бошлаб тропик ва субтропик кўчатлар ўтқазилмоқда. Корхонада 150 дан ортиқ доимий ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Мавсумга қараб яна 250-300 янги иш ўрнига эҳтиёж пайдо бўлади. Бу — бир корхона шунча оилага даромад келтиряпти, дегани.

Бундан ташқари, корхона юртимиз эко, агро ҳамда тиббиёт туризми ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Оилавий корхона ҳудудидаги меҳмонхона ва ўтовлар, саломатлик маркази, қайта ишлаш кичик фабрикаси, махсус дорихона, китоб-кафе, фитобарлар аҳоли ва бу ерга келган сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Сайёҳлар плантацияларни ўз кўзлари билан кўриши, корхонадаги иш жараёни билан танишиши, маҳсулотлардан, фитобарлардаги турли шифобахш ичимлик ва чойлардан татиб кўриши, шунингдек, даволаниши мумкин.

— Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида 2018 йилдан буён 200 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатдик, — дейди корхона иш бошқарувчиси Ҳожиакбар Абдураззоқов. — Корхонада тиббиёт туризмини янада ривожлантириш учун сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат турлари кўпайтирилмоқда. Корхона маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш, корхонага чет эллик сайёҳларни жалб этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Medical eco tourizm” мажмуаси қурилди. Ўтов ва меҳмонхоналар қурилишида ҳам табиийликка эътибор қаратдик. Сомонсувоқ хоналар меҳмонларга маъқул бўлмоқда.

Корхона ерларида етиштирилаётган «Королевский» навли бананнинг харидори кўп. Алижон Абдураззоқовнинг таъкидлашича, ўлкамизда етиштирилган банан жуда мазали. Табиийки, харидоргир. Бир туп банан 100-150 килогача мева берар экан. Киви ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўтган мавсумда бир туп киви 15 челак мева берибди. Кивини сақлаш қийин эмас. Шу боис, мазкур корхона асосчиси ҳар бир ҳовлида киви етиштиришни йўлга қўйиш тарафдори. Корхона ўз имкониятларини янада кенгайтириш борасида ҳаракат қилмоқда. Кунлар илий бошлаши билан “Mehrigiyo” эко, агро ва тиббиёт туризми йўналишида келувчи сайёҳлар билан янада гавжумлашади.