Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Германиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан учрашди. Учрашувда Жаҳонгир Ортиқхўжаев Германия элчисига COVID-19 билан боғлиқ синовли кунларда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Бутун дунё давлатлари ва шаҳарлари COVID-19 шароитида яшаш ва ишлашга мослашаётганлигини таъкидлаб, Тошкентда ҳам турли соҳалар фаолиятини тиклаш ва бир маромда ишлашига эришиш учун зарур чоралар кўрилаётгани, шароитлар яратилаётганлигини таъкидлади.

Германия элчиси Ўзбекистон ва Тошкент билан ҳамкорликни қадрлаши, 2020 йилга қадар Ўрта Осиё давлатлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга йилига 7 миллион евро миқдорида инвестиция киритган бўлса, 2021 йилдан фақат Ўзбекистон учун 120 миллион евро миқдорида сармоя киритишга тайёрлигини қайд этди.

Шунингдек, мулоқотда икки томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Элчи Гюнтер Оверфельд кўплаб немис фирма ва компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши юксак эканлигини ва келгуси йилда ҳамкорлик мақсадида юртимизга Германиядан катта делегация ташрифи кутилаётганлигини маълум қилди. Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан биргаликдаги лойиҳалар видеоконференция мулоқоти тарзида давом этаётганлигини билдириб, Тошкент билан ҳам шундай тадбирларни уюштириш таклифини айтиб ўтди. Тошкентда айни пайтда самарали фаолият юритаётган Немис савдо палатаси ҳамда KFW банк турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун амалий ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.

Бундан ташқари, суҳбат давомида илм-фан ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Тошкентда немис тилига ихтисослашган ўқув масканларини кўпайтириш, пойтахтимизда Германиянинг нуфузли таълим масканларининг филиалларини очиш, узлуксиз таълимни қамраб олувчи мажмуани яратиш, турли соҳаларда мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш каби қатор масалалар муҳокама этилди. Германия элчиси айни пайтда биринчи чет тили немис тили бўлган шаҳримиздаги 60-мактабнинг қамровини кенгайтириш таклифини билдирди. Ҳокимлик мутасаддилари эса Сергелида қуриб, фойдаланишга топширилган 4 та умумтаълим мактабларининг бирини немис тилига ихтисослаштириш мумкинлигини айтиб ўтдилар.

Ушбу учрашувда чиқиндиларни қайта ишлаш, йўларда хавфсизликни таъминлаш каби қатор йўналишлардаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.