Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг буйруқларига асосан, қарздор Б.Т. уч нафар фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисми миқдорида алимент тўлаши, МИБ эса буни ундириши керак эди.
Қарздор эркак фарзандлари вояга етгунига қадар тўланиши керак бўлган алиментни олдиндан тўлаш хоҳишини билдириб, бунинг ҳисоб-китобини чиқариш учун МИБнинг Учтепа бўлимига мурожаат қилди.
Амалдаги қонунчиликка ҳамда ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йил 1 июлдан 2040 йил 2 февралига қадар бўлган давр учун алимент тўловининг умумий суммаси 1 млрд 847 млн 413 минг сўмдан ортиқни ташкил этди.
Шу йилнинг 29 август куни қарздор ота фарзандлари таъминоти учун 150 минг доллар миқдорида алиментни бир йўла тўлади. Натижада ижро иши тўлиқ якунланди.