Бугун, 23 апрель куни “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи, Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистондаги БМТТДнинг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳаси кўмагида «Давлат хизматлари соҳасидаги илғор тажриба» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон Республикасининг «АСАН хидмет», Грузия Адлия уйи, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси вакиллари, шунингдек, ушбу соҳада иш олиб бораётган халқаро экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев ўз нутқида Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бериши баробарида Агентликнинг фаолиятидаги асосий ютуқлари ва устувор йўналишларига эътибор қаратди. «Пандемия келажакда жаҳондаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишни тамоман ўзгартириб юборишини барчамиз сезиб турибмиз. Биз аҳолига қулайлик яратиш ва давлат хизматларини ривожлантириш учун янги ёндашувлар ва яқин ҳамкорлик асосида фаолият кўрсатишимиз зарур. Давлат хизматлари агентлиги доимо барча иштирокчилар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр», – дея таъкидлади Улуғбек Муҳаммадиев.
Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматлари ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги раиси Улви Рамиз ўғли Меҳдиев «АСАН» хизматини давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион форматининг намунаси» сифатидаги ёрқин тажриба эканлигини айтиб ўтди. Ҳозирги кунда давлатнинг ривожланиш даражаси мезонларидан бири – давлат бошқарувида замонавий технологиялардан фойдаланиш салоҳиятидир. Давлат хизматлари ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги 2012 йилда Озарбайжон Республикаси Президентининг Фармони билан ташкил этилган бўлиб, ҳозирда у Озарбайжонда давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди.
Қозоғистонда давлат хизматларини кўрсатиш тажрибаси ҳақида Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари Асет Турисов сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Қозоғистон электрон ҳукумат соҳасида сезиларли ютуқларга эришган: фуқароларга давлат хизматларининг 90 фоиздан ортиғи электрон шаклда (694 та хизматдан 581 таси) кўрсатилади ва жорий йил сўнггига қадар ушбу кўрсаткични 92 фоизгача кўтариш режалаштирилган. Бугунги кунда Қозоғистон янги технологиялар асосидаги (проактив) ва мажмуавий хизматларни жорий этмоқда. Хусусан, шу кунгача инсонлар ҳаётидаги муҳим воқеаларни ҳисобга олувчи ана шундай проактив хизматларнинг 27 таси амалда жорий қилинган.
Грузия Адлия уйи раҳбарининг ўринбосари Наталиа Абашмадзе эса, ўз чиқишида давлат хизматларини кўрсатишнинг Грузия модели ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, у Грузиянинг коррупцияга қарши кураш йўлида қилинган улкан ишлар ва эришилган муваффақиятлар ҳақида, биринчи навбатда, давлат харидларининг шаффоф тизими, давлат хизматчиларининг мол-мулкини аниқлаш, фуқаролар ва қарор қабул қилувчи давлат хизматчиларининг бевосита кўришишини минималлаштирувчи давлат хизматлари кўрсатишнинг фронт-офис ва бек-офис тизимлари тўғрисида сўз юритди.
Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистон Республикасидаги ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо давлат хизматларини такомиллаштириш соҳасида Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт Дастури ва ДХАнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш тизими сифатини яхшилаш учун Европанинг энг илғор тажрибалари ва замонавий ечимлардан фойдаланилади. Жараёнларнинг рақамлаштирилиши фойдаланувчиларга давлат хизматларининг катта қисмидан масофадан туриб шахсий компьютерлар ёки мобил иловалар орқали фойдаланиш имконини беради. Европа давлатларидан келган мутахассислар эса, янги ИТ дастурларини амалга ошириш, янги тартибларни ишлаб чиқиш ва жойлардаги ДХМлар ходимларини ўқитишда Давлат хизматлари агентлигига яқиндан ёрдам берадилар.
Ўз навбатида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ўз нутқида сўнгги 20 йил давомида БМТТД давлатни бошқариш ва электрон ҳукумат тизимини ислоҳ қилишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаганлигини таъкидлади. Хусусан:
«Миллий ҳамкорлар билан биргаликда биз давлат бошқарувини оптималлаштириш ва давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича рақамли ва инновацион ечимларни қуйидагилар орқали амалга оширмоқдамиз:
-
- давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматларини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг жалб этилиши ва электрон ҳукумат учун меъёрий ва институционал базани яратиш;
- вазирликлар, компаниялар ва маҳаллий ҳокимият органларида коррупцияга қарши мувофиқлик тизимини жорий этиш орқали коррупция ҳолатларини чеклаш;
- рақамли платформалар ва давлат хизматларини рақамли ўзгартириш орқали платформавий ёндашувни ва фойдаланувчиларга йўналтирилган хизматларни тақдим этишни тарғиб қилиш;
- ҳукуматнинг ҳисобдорлиги ва шаффофлиги учун очиқ маълумотлар, очиқ бюджетлар ва электрон иштирок этиш тушунчаларини тарғиб қилиш;
- бошқарув ва хизмат кўрсатишда инновацияларни тажрибада синаш.
Бизнинг ушбу соҳадаги доимий фаолиятимиз ҳам кенг қамровли бўлиб, у қишлоқ жойларида хизмат кўрсатишни яхшилаш, одамларнинг одил судлов ва парламентдан фойдаланиш имкониятларини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга йўналтирилган», – деб айтиб ўтди.
Давлат хизматларини кўрсатишда блокчейнни амалга ошириш бўйича халқаро эксперт Сумая Бен Дҳау ўз нутқида давлат хизматларини кўрсатишда блокчейн технологияси қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари, имкониятлари ва афзалликлари, шунингдек, хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибалар ҳақида батафсил сўзлаб берди.