Учрашувда нафақат ёш тадбиркорларни, балки юртимиздаги барча бизнес одамларини ўйлантириб келаётган муаммолар кўтарилди. Аксариятига мулоқот жараёнининг ўзидаёқ ечим топилди.

Тадбиркорлик соҳаси учун тақдим этилган имтиёзлар, айтилган таклиф ва мулоҳазалар барчамиз учун кутилганидан ҳам кўп ва кенг қамровли бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Чунки, бугун яратилаётган имкониятлар, тақдим қилинаётган имтиёзлар ортидан ҳалол ризқ излаган, меҳнат қилган, дунё кезган халқимиз, хусусан, тадбиркорлар, ҳунармандлар, ишбилармонлар қадри юртимизда янада юксалиб бораётир.

 Интилган, изланган, меҳнат қилган инсон элда азиз. “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ҳам мана шундай интилувчан ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига кўмаклашиш, иш ўринлари яратиш ва йигит-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг бизнес ташаббуслари ва лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаб келади.

Жумладан,  ўтган беш йилда 8 минг 705  йигит-қизнинг истиқболли лойиҳаларига қулай шартлар асосида 1 триллион  858,9 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Шу билан бирга 31,4 миллиард сўмлик лойиҳаларга “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси кафиллиги тақдим этилиши натижасида 42 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Фаолиятимиз давомида ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, соҳага оид билим ва кўникмаларини ҳам ошириш лозимлиги, уларга “балиқ эмас, қармоқ бериш зарур”лигига амин бўлдик.

Жамғармамиз 2021 йилдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик соҳасида муваффақиятга эришишига кўмаклашиш мақсадида 20 дан ортиқ йўналишда фаолият олиб бориб, кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар учун 5 мингдан зиёд бизнес-семинар, 100 мингдан зиёд ёшлар учун  мунтазам бизнес саёҳатлар ташкил этилди. Нуфузли бизнес тренер, эксперт ва тадбиркорлар иштирокида ташкил этилган тренингларда 115 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди. 12 минг 275 нафар йигит-қиз тадбиркорлик курсларида ўқитилди. Шундан 2 минг 355 нафарининг 61,7 миллиард сўм қийматидаги  лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашилди. Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга масофавий ўқитиш мақсадида www.e-kasb.uz платформаси ишга туширилди.

Шунингдек, ёшларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш, бизнес юритиш кўникмаларини ўргатиш, ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишига кўмаклашиш учун юртимизнинг барча ҳудуди, жумладан, чекка туман ва маҳаллаларда “Бизнес марафон” тренинглари ташкил этилди.

Шу кунга қадар “Бизнес марафон” лойиҳасига 100 минг нафардан зиёд йигит-қиз қамраб олинди. Унда юртимиз ва хорижда ишбилармонлик соҳасида муваффақият қозонган ватандошларимиз, тажрибали тадбиркорлар ва бизнес тренерлар, жумладан, Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидов (“Deli.uz”, “Dekos.uz”, “Mfaktor” лойиҳалари асосчилари), Умиджон Эшмуҳаммедов (“Edu-Action” асосчиси), Мурод Назаров (“NRG” ва “Nest One” асосчиси), Лазиз Адҳамов (“SAP Uzbekistan” минтақавий директори), Феруз Аллаев (“Asaxiy.uz” интернет дўкони асосчиси), Шерзод Бекназаров (“Yaskanamu”, “Alvon” текстил брендлари асосчиси), Муҳаммад Али Эшонқулов (“Yuksalish” академияси асосчиси), Иброҳим Ғуломов (“PCG” консалтинг компанияси асосчиси), Раҳмат Собиров (Канададаги “Sobirovs Law firm” юридик фирмаси асосчиси), Шуҳрат Холтаев (АҚШдаги “Marriott autograph collection” компанияси тезкор  бошқарув директори) ва бошқалар бой тажрибаси билан ўртоқлашди.

Келгусида таниқли тадбиркорлар, бизнес экспертлар, йирик корхона вакиллари ва ёшлар учрашувини юртимизнинг барча ҳудудида, олис қишлоқлару шаҳарларда мунтазам ташкил қилмоқчимиз. Улар ўз тажрибаси асосида билим ва кўникмалар улашиб, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектларига бизнес саёҳатларни уюштиради. Мазкур лойиҳани мунтазам ўтказиб боришнинг долзарблигини биргина мисолда тушунтириш мумкин.

Бу йил 1 миллиондан зиёд ёшлар ОТМларга ўқишга ҳужжат топширди. Шундан 642 мингдан зиёди аввалги йиллари мактабни битирган. Олий таълим муассасасига кира олмаган, ҳали ишга жойлашмаган ёшларда ҳаётий тажрибанинг йўқлиги баъзан панд бериб қўяди. Шу боис, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу тоифадаги йигит-қизлар билан доимий шуғулланиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бизнинг вазифамиз.

Ёшларимиз бамисоли бир ниҳол. Агар у керакли вақтда ва зарур жойга экилса, ўз маҳалида суғорилиб, парваришланса мўл ҳосил олиш мумкин. Бу ишлар бажарилмаса, ниҳол оддий таёқлигича қолиб кетаверади. Бугунги йигит-қизлар фитратида яширинган қобилият ҳам аслида бир ниҳол. Уни парваришлаб, ўстириб, мўл-кўл ҳосил олиш ва баҳраманд бўлиш мумкин.

“Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси эса ўша “ниҳол”ни топиш, уни парваришлашга кўмаклашиш мақсадида келажак ҳақида режалар тузаётган, қайси йўлдан юриш кераклиги ҳақида бош қотираётган ёшлар ҳамда уларга йўл кўрсата оладиган, намуна бўладиган фаол тадбиркорлар ўртасида доимий мулоқотни таъминлайдиган кўприк вазифасини бажаради.

Хайрулла САТТОРОВ,

“Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори