Сўнгги кунларда Телеграм мессенжеридаги турли гуруҳ ва саҳифаларда «Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи уч нафар хотин-қизнинг ҳаж сафарига борган пайтида Макка шаҳрида барча мусулмонлар намозга кетган вақтида дўкондан тилла тақинчоқларни ўғирлагани, Арабистонга келса ўғирлик қилгани учун қўлини чопишлари, келмаса калласини чопиб Арабистонга олиб боришлари тўғрисида»ги овозли хабарлар кенг тарқалди.
Мазкур овозли хабарда номлари келтириб ўтилган фуқароларнинг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига қилган мурожаатига асосан олиб борилган текширувлар натижасида ушбу овозли хабарларни тарқатган шахслар аниқланди, дея хабар беради Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Дастлабки суриштирувлар жараёнида улар ушбу овозли хабарларни ҳеч қандай асоссиз тарқатишгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда овозли хабарларни тарқатган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.