Концепцияга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ умумхалқ байрамлари, муҳим саналар, касб байрамлари ва халқаро кунлар турли даражаларда нишонланиб келинмоқда.
Ҳар бир умумхалқ байрамининг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, умумхалқ байрамларининг таъсирчан ва жозибадор мусиқий атрибутлари, ўзига хос тароналари, турли безаклари ишлаб чиқилади. Ҳар бир умумхалқ байрамининг ғоявий-маънавий мазмуни, тарихий шаклланиши ва жамият тараққиётидаги аҳамиятини очиб берувчи қўлланмалар тайёрланади ва кенг тарқатилади.
Умумхалқ байрамлари доирасида “Энг иқтидорли ёш” акция-шоу дастурини ўтказиш орқали муваффақиятга эришган ёшларни халққа танитиш ва шу орқали бошқа ёшларни ўз мақсадлари йўлида руҳлантиришга оид интерактив тадбирлар ташкил қилинади.
Байрам кунларига оид оммабоп адабиётлар, шу жумладан, “Ўзбекистон байрамлари” китоби тайёрланади ва чоп этилади.