Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам айнан юқоридаги эзгу мақсадлар ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Хусусан, қарорда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб таълим ташкилотларида маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларининг белгиланганлиги олий таълим муассасалари олдида ҳам долзарб вазифалар турганлигини англатади. 

Республика Маънавият ва маърифат марказига олий таълим тизими ва бошқа тузилмалар кесимида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг мониторингини олиб бориш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган тарбия технологиялари, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, маънавий тарбия ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ қилинишини мувофиқлаштириш вазифасини юкланганлиги бу борада ОТМларини илмий тадқиқот ишларини олиб боришда марказ билан самарали ҳамкорлик қилиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Қарорда «Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш белгиланган. Наманган давлат университетида ҳам ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги тадқиқотларни мувофиқлаштириб борувчи Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Айни пайтда 21 нафар таянч докторантларнинг тадқиқот ишлари мавзулари ижтимоий-маънавий тадқиқотлар сирасига киришини таъкидлаш жоиз. 

Шунингдек, қарорда давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозимининг жорий этилгани ОТМларида бу борадаги ишлар самарадорлиги ошишига хизмат қилади. 

Яна бир муҳим жиҳат. Қарорда 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида «Маънавиятшунослик», магистратура босқичида «Касбий маънавият» фанлари киритилиши ҳамда магистратура таълим босқичида «PR-менежер» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишининг белгиланганлиги маънавий-маърифий соҳада ҳам келгусида замонавий ахборот технологиялар асосида тарғибот юритувчи малакали кадрларни етишиб чиқишига имкон беради.

Муҳтарам Президентимиз томонидан айни вақтида қабул қилинган мазкур қарор маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг бу жараёнда фаол иштирокини таъминлашда муҳим  аҳамият касб этади. Бу эса биз, зиёлиларга юксак ишонч билан бирга шарафли масъулият юклайди.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,

Наманган давлат университети 

ёшлар билан ишлаш бўйича проректор