Мазкур конференция педагогика, филология ҳамда фанлараро тадқиқотлар соҳасида замонавий ёндашувлар, инновацион таълим технологиялари ва илмий ҳамкорлик истиқболларига бағишланди.

Халқаро анжуман доирасида профессор Феруза Мадрахимова Сантиаго де Компостела университети ректори Антонио Лопез билан расмий учрашув ўтказди. Учрашув давомида томонлар икки олий таълим муассасаси ўртасида 2024 йил октабр ойида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан батафсил фикр алмашдилар.

Хусусан, томонлар Эрасмус+ халқаро академик мобиллик дастурлари доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари ва қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, педагогика ва филология йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар, халқаро грант лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш ҳамда илмий мақолаларни нуфузли хорижий журналларда чоп этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, сунъий интеллект ва рақамли таълим технологиялари, ўқув-услубий тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро конференция ва семинарларни ҳамкорликда ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу ҳамкорликлар УрДПИ таълим сифатини янада ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда институтнинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Маълумот ўрнида, Сантиаго де Компостела университети Испаниянинг энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, 1495 йилда ташкил этилган ҳамда бугунги кунда Европанинг етакчи илмий марказларидан бири ҳисобланади.