Ҳудуддаги аҳоли уй-жой, канализация, ичимлик суви, мактаб, боғча, шифохона, бизнес инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ечимини анчадан бери кутаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шунинг учун Президентимиз Ургут марказига «Янги Ўзбекистон» қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарорни имзолади.

Туманнинг «Қуйи Камангарон» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилиши эълон қилинди.

Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.

Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.

Президентимиз йирик саноат корхоналарининг ўз ишчилари учун корпоратив буюртма асосида бундай уйларни сотиб олиш бўйича ташаббусларини маъқуллади.

Кейинги йилдан бундай корхоналарни рағбатлантирадиган механизмлар жорий қилинади ва бутун республикага татбиқ этилади.