Сарамқанд вилоятида 2021 йил ҳосили учун 4 минг 470 та фермер хўжаликлари томонидан 94 минг 230 гектар сувли майдондаги кузги бошоқли дон экинларидан етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш юзасидан ўрим-йиғим мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Мавжуд 292 та ғалла ўриш комбайнлари билан бир кунда ўртача 3 минг 200 -3 минг 300 гектар ер майдонидаги бошоқли дон экинлари йиғиштириб олинмоқда.

2021 йил ҳосили учун Ургут туманида 411 та фермер хўжаликлари томонидан 3 минг 40 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, давлатга 7 минг 908 тонна, яъни 6 минг 908 тонна товар дон, 1000 тонна уруғлик дон топшириш режалаштирилган.

Ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 14 та гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, 14 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнларидан фойдаланилмоқда.

— Ҳар бир ғалла ўриш комбайнлари билан бир кунда ўртача 50-60 тоннадан ортиқ буғдой йиғиштириб олинмоқда, — дейди Агроинспекциянинг Ургут тумани бўлими бошлиғи Азамат Холиқов. — Ўрим-йиғим мавсумини беталофат ўтказиш, комбайнларнинг тўхтовсиз ишлаши учун ҳар бирига иккитадан оператор, дон ташиш учун 4 тадан юк машинаси бириктирилди. “Ўзагроинспекция”нинг Ургут тумани бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорликда ғалла ўриш комбайнлари учун ёнилғи-мойлаш материалларининг бевосита даланинг ўзига етказилиши, қабул масканларига жўнатилаётган товар ва уруғлик буғдойнинг сифати, механизатор ва отрядлар аъзоларининг дам олишлари учун шароитларнинг яратилиши сингари масалалар юзасидан доимий равишда мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказмоқда.

Шунингдек, инспекция органларининг бевосита ташаббуси билан ғалла ўриш комбайнларига сервис хизмати кўрсатишнинг жорий этилгани комбайнларнинг иш унумдорлигини оширмоқда.

Кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ бугун ургутлик ғаллакорлар ҳам товар дон топшириш юзасидан шартномавий режани уддалашди. Қабул масканларига 6 минг 908 тонна товар дон етказиб берилди. Айни кунларда режада белгиланган 1 минг тонна уруғлик дон топшириш юзасидан астойдил меҳнат қилинмоқда.

Жумладан, тумандаги “Охунбобоев” агрофирмасида 50,5 гектар, “Ваткан” агрофирмасида 12,5 гектар, “Жартепа” агрофирмасида 110,5 гектар, “Нурафшон” агрофирмасида 30 гектар, “Қайроқли” агрофирмасида 65,5 гектар, “Бахрин” агрофирмасида 18 гектар, “Қ.Рахимов” агрофирмасида 23 гектар ва “Тароқли” агрофирмасида 23 гектар уруғлик ғаллани қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олишга ҳаракат қилинмоқда, деб хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

Инспекциянинг Ургут туман бўлими инспекторлари томонидан  уруғлик дон навлари бир-бирига аралашмаслиги мақсадида доимий равишда назорат тадбирлари ўтказилиб, бир турдаги нав ўрилиб бўлгандан сўнг иккинчи навли буғдойни ўришдан олдин комбайн тозаланиши юзасидан тўлиқ назорат ўрнатилган.