Ҳудудда жойлашган 49-мактаб бир вақтлар кўпкари ўйини учун трибуна вазифасини бажарган биноларни ҳашар йўли билан мослаштириш ҳисобига ташкил этилган. 5 та синф хонасига эга ушбу даргоҳда 220 нафар ўқувчи ўқийди. Мактабда таълим бериш сифати бўйича яхши натижаларга эришиб келинади. Жумладан, мактабнинг 2019-2020 ўқув йили битирувчиларининг 50 фоизи Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Шунга қарамасдан, ушбу мактабда ўқувчиларга муносиб шароитлар яратиш борасидаги ҳаракатлар ижобий ечимсиз қоляпти.

Мактабнинг ҳолати «Усти ялтироқ ичи қалтироқ» қабилида, яъни, ҳар янги ўқув йилига ташқи таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ўқув йилига тайёрлаб келинсада, унинг бинолари мустаҳкам эмас.

Мактаб бинолари ёнида жойлашган экин даласига сув қўйилганда, кўпинча бино остига сув кетади, бошланғич бетон фундаментлари ер остига кирган. Шу ернинг ўзида мослаштирилган болалар боғчаси ҳам жойлашган, у ҳам таъмирга муҳтож.

— Мурожаат этган фуқароларнинг таъкидлашига кўра, қарийб 10 йилдан буён тегишли ташкилотларга дастур асосида мактабни тўлиқ реконструкция қилиш ва янги бинолар қурилишини сўраб мурожаатлар қилиб келган. Мутасадди ташкилотларга қилинган ушбу мурожаатлар афсуски, натижасиз қоляпти,— дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарафутдинов. — Масъуллар эса дастурга таклиф тайёрланганлиги ҳақидаги маълумот бериш билан чекланиб келган. Аҳоли билан учрашув ва жойида ўрганишлар асосида Халқ таълими ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлари номига тегишли тартибда депутат сўровлари юборилди.

Умид қиламизки, тегишли ташкилотлар ушбу муаммоларни тез фурсатларда ижобий ҳал этилишига кўмаклашиб, ёшлар таълим-тарбиясига бефарқ эмасликларини намоён этадилар.

Ш.Тўхтаматов, ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби.