Чунки устоз — инсон ҳаётидаги энг муҳим йўлбошчилардан бири. Устозлар бизни илмга, одобга, ҳаёт сабоқларига ўргатади, қалбимизга эзгулик уруғини сочади.

Юртимизда таълим соҳасига бўлган эътибор йилдан йилга ортиб бораётган бир пайтда, устозларнинг жамиятдаги ўрни ҳам юксак даражада эътироф этилмоқда. Чунки, билимли авлодни тарбиялаш, ижтимоий тараққиётга замин яратиш айнан муаллимларнинг сабр-тоқати, машаққатли меҳнати билан боғлиқ.

Устоз — бу нафақат ўз ўқувчиларига билим берадиган инсон, балки ҳар бир ўқувчининг ички дунёсини англай оладиган, уларнинг қалбига йўл топадиган меҳрибон мураббийдир.

Фидойи устоз — бола тақдирига таъсир қилувчи инсон

Яқинда Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган 6-умумтаълим мактабида фаолият юритиб келаётган фидойи устоз — Тўлқиной опа Анорбоева билан бўлган суҳбат менда катта таассурот қолдирди.

Тўлқиной опа кўп йиллардан буён мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият юритади. Болаларга илк қаламни тутқазиб, ҳарфларни танитиш, билимга йўл очишдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажаради.

Бир куни мактабга бир ота-она умид билан фарзандини олиб келади. Болани аввал бошқа мактабларда бирорта ҳам ўқитувчи ўқита олмаган, ҳатто ҳарфларни танитишнинг уддасидан чиқа олмаган экан. Болада ўқишга қизиқиш ҳам, тушуниш ҳам жуда паст даражада бўлган.

Бироқ Тўлқиной опа бола билан шундай гўзал, меҳрибон ва самарали муносабат ўрнатадики, ўша бола аста-секин ҳарфларни ўрганади, сўзларни таниган сари китоб ўқишга иштиёқи ортиб боради. Вақт ўтиб бола мактабдаги барча фанлардан аъло баҳоларга ўқийдиган, фан олимпиадаларида қатнашадиган фаол ўқувчига айланади.

Ҳозирда у ўқувчи бошқа мактабнинг 7-синфига ўтган бўлса-да, унинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, келажакка ишонч билан қадам қўйишида айнан ушбу устознинг меҳнати, меҳри ва сабри самара берганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Биринчилардан бўлиб боланинг митти қалбига нур сочган, унда ишонч уйғотган, келажакка иштиёқ бағишлаган ана шундай устозларимизни фахр билан ёдга олишимиз керак. Чунки бола қалбига нур олиб кириш ҳамма ҳам уддалай оладиган иш эмас. Зеро, яхши устоз ўз ўқувчисининг истеъдодини кўра олади, унга ишонади, ҳар қандай шароитда елкадош бўла олади. Айнан ана шундай меҳрибонлик ва сабр устозлик касбининг заминидир.

Бугун мактабларда ва олий ўқув юртларида хизмат қилаётган минглаб устозларимиз ҳар куни синф эшигини очиб, дарс бошлаганда, уларнинг нигоҳида фақат битта мақсад — ўқувчиларга билим бериш билан бирга, уларни инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш мужассам. Улар шогирдларининг ҳар бир ютуғидан қувонади, ҳар бир муаммосига бефарқ бўлмайди.

Буюк аждодларимиз ҳам устозларга катта ҳурмат билан қараган. Имом Бухорий, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий каби алломалар устозлик мақомини шарафлаб, уни ота-онадан кейинги ўринга қўйганлар. Навоий бобомизнинг ушбу мисраларини шу ўринда эсламасликнинг иложи йўқ:

«Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила»,

деган сўзлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Шундай экан, устозларга чуқур ҳурмат, чексиз миннатдорлик билан яшашимиз, уларнинг ор-номусини ҳимоя қилишимиз, уларнинг меҳнатини қадрлашимиз лозим.

Устоз — нур тарқатувчи шамчироқ, жамиятнинг маънавий устуни.

Устоз — биз учун йўлчи юлдуз.

Бу муқаддас касб эгалари олдида ҳар он бошимизни эгамиз. Уларнинг меҳнати ва меҳрибонлиги олдида ҳамиша қарздормиз.

Зулхумор АКБАРОВА