“Устозга эҳтиром” номли тантанали тадбирда литцей раҳбарияти, фидоий устозлар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирни академик лицей директори Алишер Ғаниев кириш сўзи билан очар экан, устозларнинг машаққатли ва шарафли касб эгалари эканликларини таъкидлаб, барча мураббийларни байрам билан самимий муборакбод этди.

Тадбирда узоқ йиллар давомида академик лицейда фаолият юритган биология фанлари номзоди, доцент Зоҳид Маликовга Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг фахрий ёрлиғи топширилди. Шу билан бирга, академик лицейнинг фидойи устозлари ҳам ташаккурномалар билан тақдирландилар. Зеро, Улар ўз билим ва тажрибалари билан шогирдлар қалбини бойитиб, уларнинг орзуларига йўл очиб берган қадрли инсонлардир.

Тантанали тадбир давомида устозларга байрам туҳфаси сифатида дилтортар қўшиқлар ижро этилди ва олқишларга сазовор бўлди.

Шунингдек, академик лицей ўқувчилари томонидан ҳам ижро этилган шеърлар, қўшиқлар ва жозибадор рақслар эса барча устозларга ва ўқувчи-ёшларга ўзгача завқ бағишлади ҳамда устозлар томонидан уларга бўлган чексиз миннатдорчилик ва ҳурмат рамзи сифатида қабул қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент давлат тиббиёт университети 1- сонли академик лицей ҳаётидан олинган қизиқарли саҳна кўринишлари йиғилганлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Шогирдлар томонидан тақдим этилган бадиий чиқишлар устозларга муносиб совға бўлиб, уларнинг жонкуяр меҳнатини янада юксалтиришда илҳом бахш эта олди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, устозларимиз – халқимиз маънавияти ва келажагининг мустаҳкам пойдевори. Уларнинг бебаҳо хизматлари ҳамиша эътироф этилиши, қадрланиши ва кўприкка айланиши керак. Ҳар бир устознинг қалбидаги меҳр ва меҳнат барча шогирдлар ҳаётида ёруғ ва фойдали йўл бўлиб хизмат қилади.

Зулхумор АКБАРОВА