Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ўтказилаётган бош байрам тантанасида илк бор мамлакат Президенти иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва мураббийларга мурожаатида устозларимизнинг меҳнатига улкан баҳо берди.
Албатта, Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида халқ таълими ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилгани, қўллаб-қувватлангани ўқитувчиларнинг янада фаол ишлаши, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишида муҳим омил бўлмоқда.
Ғазал мулкининг султони Ҳазрат Навоийнинг эса “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила”, деган мисралари уларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди дастурида ҳам ўқитувчи ва устозлар мақомини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан холи меҳнат шароитларини яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Албатта, ўтган йиллар давомида шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий талаблар асосида бунёд этилган таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, ўқув-машғулот ва лаборатория хоналарини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш, айни пайтда фаолият олиб бораётган устозларга қулай шароитлар яратиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида таъкидламасдан илож йўқ.
Бу каби эзгу тадбирлар, албатта, ўз самарасини беради. Эртага Учинчи Ренессанс йўлида камарбаста бўладиган зукко, билимдон ва иқтидорли ёшлар етишиб чиқади. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил.
Бахтиёр БОБОНАЗАРОВ,
ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши ижроия
қўмитаси девони раҳбари