“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун, Президентнинг кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, бошқарув органлари молиявий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг умумий мол-мулкини сақлаш, самарали фойдаланиш, уйларга туташ ер участкасини ободонлаштиришни таъминлашга қаратилган фармон ва қарорлари ижроси бўйича вазирлик томонидан муайян ишлар бажарилган.
Соҳада самарадорликни ошириш мақсадида сўнгги беш йилда 1 та Қонун, Президентнинг 1 та Фармони ва 2 та қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур жараёнда вазирлик фаол иштирок этган.
Биргина “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун нормаларини амалда қўллаш бўйича Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани ҳамда Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича ўтказилган ҳуқуқий эксперимент бевосита вазирлик масъулияти асосида ташкил этилган.
Қонуннинг 18 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
2021 йил 1 сентябрь ҳолатига республикада жами 38 373 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 25 985 таси 4 185 та уй-жой мулкдорлари ширкати ва 9 840 таси 290 та бошқарув ташкилоти,
714 таси мулкдорлар, ташкилотлар (балансида бўлгани учун) тасарруфида бошқарилади.
1 834 та кўп квартирали уй бошқарувсиз бўлиб, уларнинг аксарияти янги қурилган кўп қаватли уйлардир.
Республикадаги жами 4 185 та ширкатнинг 1 351 таси яхши,
1 658 таси ўрта ва 1 176 таси оғир тоифадаги ширкатлар сирасига киради.
Шу билан бирга, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича аксарият ширкатлар фаолияти самарасиз эканлиги, боқиманда тарзда ишлаши натижасида қарздорлик йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, қонун ҳужжатларида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаётганлиги каби ҳолатлар аниқланган.
Натижада мулкдорлар (аҳоли) орасида ўтказилган сўровномаларда уларнинг 27,6 фоизи ширкатлар фаолиятидан норози эканлиги, ширкат раисини сайлашда 58,9 фоиз мулкдор қатнашмагани, мажбурий бадални белгилашда 57,2 фоиз мулкдор умумий йиғилишда иштирок этмагани, 43,9 фоиз мулк эгаси мажбурий бадалнинг қаерга сарфланаётганини билмаслиги, 30 фоизи олинган кредит маблағлари тўғрисида хабари йўқлиги ва 34 фоизи эса ширкатлар томонидан бажарилган ишлардан қониқмаганлигини билдирган.
Жиззах, Марғилон шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида қонунчилик талабларига зид равишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари буйруқлари билан ширкат бошқаруви раислари тайинлаб келинган.
Шунингдек, ширкат бошқаруви раисининг тегишли малака сертификатига эга бўлиши кераклиги тўғрисидаги қонун талаби ҳам бажарилмаган.
Ширкатларнинг молиявий ҳолати ҳамда кредитор ва дебитор қарздорлиги бўйича аҳвол қониқарсиз ҳолатга келиб қолган. Уй-жой мулкдорларининг мажбурий бадални ундириши паст даражадалиги ширкатлар тижорат банкларидан олган кредитларининг қайтарилмаслигига, ходимлар ойлик иш ҳақлари ойлаб тўланмаслигига олиб келган.
Аниқ рақам билан айтганда, аҳолининг ширкатлар олдидаги мажбурий бадал тўловларидан 187,4 млрд. сўм қарздорлиги мавжуд.
Ширкат фаолиятини назорат қилиш, маълумотлар очиқлиги ва шафоффлигини таъминлашдаги муаммолар туфайли соҳада коррупцион ҳолатлар ҳам учрайди.
Тизимдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунга биноан, бугунги кунда республикада жами 290 та бошқарув компанияси фаолият юритаётган бўлиб, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳамда Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича ҳуқуқий экспериментлар ташкил этилган.
Хусусан, Юнусобод туманида асосан 12 та бошқарув компанияси фаолият юритаётган бўлиб, қонунчиликка мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган очиқ танловлар натижасида ғолибликка эришиб, тумандаги 1 030 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатишни бошлаган.
Тумандаги кўп квартирали бошқарув компанияларининг хизмат кўрсатиши туфайли авария ҳолатлари 60 фоизга, мулкдорларнинг муддати ўтган мажбурий бадал бўйича қарздорлиги 25 фоизга қисқарган ҳамда 1,4 млрд сўмлик банк кредити қайтарилган.
Вазирлик томонидан Қонун талабларига биноан кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компанияларининг самарадорлигини таъминлашда:
- биллинг тизимини жорий этиш бўйича Президентнинг 2021 йил 19 июндаги 5152-сон қарори ижросини таъминлаш;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУКлар фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйиш;
- кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун уй-жой мулкдорлари ширкатларида мажбурий бадалларнинг ҳисоб-китобини юритиш ва ахборот-маслаҳат олиш имконини берадиган биллинг тизими – “Обод уй” электрон дастурини амалда самарали қўллаб бориш каби вазифалар устувор этиб белгилаб олиниши таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.