Сенаторлар томонидан 1998 йил қабул қилинган амалдаги Уй-жой кодекснинг нормалари ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги таъкидланди. Хусусан, уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизимининг мавжуд эмаслиги давлат томонидан изчил уй-жой сиёсатини амалга оширишни мураккаблаштиряпти. Бу эса ўз навбатида, уй-жой соҳасидаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни, уй-жой сиёсатини тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишни талаб қилади.
Амалиётда ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда аҳолининг эҳтиёжлари ва замон талабларига жавоб бермайдиган нормаларни бекор қилиш, уй-жой муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларни тўғридан-тўғри Уй-жой кодексида акс эттириш зарурати мавжуд.
Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Кодексда уй-жой соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, унинг фуқаролик қонунчилиги билан чегараси аниқ белгиланади.
Бундан ташқари, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи барча турдаги фуқаролик-ҳуқуқий битимлар орқали вужудга келиши, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва у билан боғлиқ чекловлар назарда тутилади.
Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ҳисобга олишни рад этиш асослари, турар жой масалалари бўйича комиссиялар фаолияти ҳамда турар жой билан таъминлашга оид қоидалар аниқ қилиб белгиланади.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Уй-жой кодексини қабул қилиниши натижасида уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши таъминланади, ушбу соҳадаги давлат назорати ўрнатилади, давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилади, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулияти ошади, уй-жой объектларини қуришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилинишига эришилади.
Мажлис якунида экспертларнинг ушбу Қонун бўйича тавсиялари тайёрланиб, улар Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.