Мазкур тарихий аҳамиятга эга Қонун ижросининг илк натижалари кўрина бошлади.

Хусусан, жорий йилнинг 1 апрель куни республикада биринчи бўлиб Жондор туманидаги 5 нафар фуқароларнинг якка тартибдаги уй-жойларига ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор Жондор туман ҳокими, Бухоро вилояти адлия бошқармаси ҳамда Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси раҳбарияти томонидан ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Қонун билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкка бўлган ҳуқуқлари тан олинади, бозорда қонуний капитал айланмаси пайдо бўлади, фуқаролар ўртасидаги мулкий низолар, шу жумладан мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилади.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий муаммолари (доимий рўйхатга қўйиш, моддий ёрдам олиш, мактаб, боғчага жойлаштириш) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича масалалар ҳал бўлади.

Қонун ижроси доимий назоратга олинган бўлиб, республиканинг барча ҳудудларида режа-график асосида ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қабул қилинади.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборотни https://etirof.kadastr.uz сайти орқали олишингиз мумкин.