Тошкент шаҳрида жойлашган “Qushbegi Plaza Hotel” меҳмонхонаси биринчилардан бўлиб хавфсиз туризм хизматларини кўрсатиш бўйича сертификатлаштиришдан ўтди.
Меҳмонхона Яккасарой тумани Қушбеги кўчасида жойлашган бўлиб, 75 хона ва 150 ўринга мўлжалланган. Сертификатлаштириш жараёни икки босқичдан иборат бўлиб, аввало ташкилотда юқори ёки ўрта бўғинда фаолият юритадиган бошқарув ходими хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича махсус ўқув курсларида таълим олиши ва якуний тестдан ўтиши, кейин эса ташкилотда OʻzDSt37.001 “Туристик индустрия объектларида хавфсиз туристик хизматлар кўрсатишга доир тавсиялар” давлат стандарти талабларини жорий қилган ҳолда сертификатлаштириш учун ариза топширилиши лозим.
Таълим олиш ва сертификатлаштириш онлайн тарзда, http://safetravel.uz/ сайти орқали амалга оширилади. Таъкидлаш лозимки, “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” тизими туризм индустриясининг барча объектларида санитар-гигиеник хавфсиз хизмат кўрсатишни назарда тутади. Бунда сайёҳлар аэропорт ёки вокзалга келиб тушганидан сўнг уларни кутиб олиш, трансфер, жойлаштириш ва овқатлантириш хизматлари, маданий, тарихий, зиёрат ва кўнгилочар объектларда бўлишларида хавфсиз хизмат кўрсатилади. Мазкур объектларнинг барчаси хавфсиз туристик хизматлар кўрсатиш бўйича сертификатлаштиришдан ўтиши мумкин.