Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида узумчилик тармоғини жадал ривожлантириш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, янги навлар яратиш, интенсив усулда узум етиштиришни кенгайтириш ҳамда бу борада ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ишларига киришилди.
2021 йилнинг 10-13 июль кунлари Олтиариқ туманида узум етиштиришда билим ва кўникмаларни ошириш бўйича ўтказилаётган семинар-тренинг айни соҳада белгиланган вазифаларни тизимли асосда ташкил этиш ва оммалаштиришга қаратилган. Унда Қорақалпоғистон Республика, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 500 нафардан зиёд вакиллар иштирок этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири, тегишли қўмита ва агентликлар, илмий-амалий марказлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, туманлар ҳокимлари қатнашаётган семинар-тренингда илмий маърузалар тинглаш, ўзаро тажриба алмашиш, тумандаги юзлаб аҳоли хонадонларида бўлиб узум етиштириш тажрибасини ўрганиш режалаштирилган.
Семинарнинг илк иш кунини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қўштепа, Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани тажрибаси асосида республикамизнинг 47 та туманида узумчиликни жадал ривожлантириш кўзда тутилмоқда,-деди Шуҳрат Ғаниев. – Шу тариқа яқин истиқболда мамлакатимиз миқёсида 153 минг 700 гектар ерда узумчилик плантациялари ташкил этилади. Энг камида 500 гектар ерни қамраб олган ҳолда узумчилик кластерлари фаолияти шакллантирилиб, ташаббускор тадбиркорлар, миришкор боғбонларга бир қатор имтиёзлар берилади, субсидиялар ажратилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кескин рақобат шароитида жаҳон бозорида данаксиз узум мевасига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боис узумнинг оддий хўраки навларини эмас, жаҳон бозорида харидоргир бўлган янги, саноатбоп навларини кўпайтириш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш давр талабидир.
Айни жиҳатларни инобатга олиб, жорий йилда мамлакатимизда 15 минг 700 гектар узум экилган майдонларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш мақсад қилинган. Шунингдек, узум плантацияси ташкил этган ташаббускор тадбиркорга ҳар бир гектар учун 10 млн. сўм, 10 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилса 120 млн. сўм, инновацион усулда етиштирилган ҳар бир туп узум кўчати учун 8 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади. Тадбиркорга узумчилик кластери ҳудудида музлатгичли омборхоналар барпо этиш, экотуризм мажмуаларини ташкил этиш учун қулайликлар яратилиб, имтиёзлар тақдим этилади.
Эзгу ташаббус доирасида ҳар бир вилоятда 2 та маҳалла фуқаролар йиғини узумчиликка ихтисослаштирилиши таъкидланиб, Олтиариқ туманининг «Узумчи», «Кўлбўйи», «Чинор таги», «Мирфозил» МФЙлари мисолида томорқада узум етиштириш улкан даромад манбаи эканлиги амалий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.Мисол учун, Олтиариқда 8 сотих ерда узум парваришлайдиган битта оила аъзолари ундан йилига ўртача 35-40, бошқа экинлардан 15-20 миллион сўмгача даромадга эга бўлмоқда.
Иштирокчилар учун Олтиариқнинг энг тажрибалари узумчи оилалари тажрибасини ўрганиш, мамлакатимиз ва Туркия олимлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказиш, икки минг гектар ерда саноатбоп узум етиштираётган “Fergana France” МЧЖга энотуристик саёҳат уюштириш сингари ранг-баранг тадбирлар кўзда тутилган.
Семинар-тренинг қатнашчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда илмий-амалий машғулотларда фаол иштирок этмоқдалар.