“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда ижтимоий шерикликнинг замонавий механизмлари жорий этилишига катта эътибор берилмоқда.
Лойиҳа доираси шу кунга қадар 11 та шу каби зиё масканлари қуриб фойдаланишга топширилди. Келгусида яна 50 дан ортиқ барча қулайлик ва имкониятларга эга бўлган “Истеъмолчи кутубхонаси” ва “Истеъмолчилар уйи” биноси қуриб битказилиши режа қилинмоқда.
Навбатдаги билим масканининг очилиши, Cурхондарё вилоятининг Узун туманида бўлиб ўтди.
Эндиликда, Узун туманининг ёшлари учун фойдаланишга топширилаётган мазкур бинолардан ҳар бир фуқаро ўзининг истеъмолчи сифатидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятига эга бўлади.
Айнан “Истеъмолчи кутубхонаси” фондида Ўзбекистон қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган газета-журналлардаги маълумотлар жойлаштирилади.
Бундан ташқари кутубхонада замонавий “Book cafe” ва бепул WiFi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилади. “Истеъмолчилар уйи” биносида эса, фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқлари бузилганда уларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади.
Бундан ташқари мазкур бинода 10 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, тумандаги хотин-қизлар учун “Тикувчилик цехи” ҳам ўз фаолиятини бошлади
Манижа Баҳриева,
Ўзбекистон истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари
федерацияси бош мутахассиси