– Албатта, туманни шундай ҳолатга тушишида биз сектор раҳбарларининг айбимиз бор, – дейди туман ҳокими Дилмурод Солиев. – Бугун олдимизга аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдик. Рейтинг натижаларини яхшилаш учун барча имкониятларни ишга соламиз.Туманни 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида қиймати 1 триллион 48 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 5 минг 210 та янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
Рақамлар бўлгани яхши. Аммо у аҳоли учун кўпроқ наф бериши керак. Сессия ишида туман ҳокими ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги муҳим йўналишларни таҳлил қилиб берди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича туманнинг вилоятдаги улушини 0,5 фоиздан 2020 йилда 1,5 фоизга кўтариш учун кўплаб ишлар режалаштирилган. Фурқат чорвачиликка ихтисослашган туман бўлиб, 34 та чорвачилик фермер хўжаликлари томонидан 17 минг тонна сут маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
Янги ташкил этилган “NATIONAL DAIRY INDUSTRY” қўшма корхонаси томонидан сутни қайта ишлаш лойиҳасини ишга туширилиши натижасида йилига 3 минг тонна сут қайта ишланади. Бунинг натижасида 4-чоракда 10 миллиард сўм саноат маҳсулотлари ҳажми кўпайиши ва бюджетга қўшимча йил якунига қадар 1 миллиард сўм солиқ тушуми туширилиши таъминланади.Туманда қишлоқ хўжалигининг яна бир тармоғи – пахта етиштиришда ҳам юқори кўрсатгичларга эришилмоқда. «Фейхан – Кластер» масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлаш натижасида 4-чоракда 40 миллиард сўм саноат маҳсулотлари ҳажми кўпайиши ва бюджетга қўшимча йил якунига қадар 3 миллиард сўм солиқ тушуми тушишига эришилади.

Тўртта сектор ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, тадбиркорлар учун барча шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, йил якунига қадар ишга тушириладиган янги 18 та 28,8 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига йил якунига қадар саноат маҳсулотлари ҳажми 3 миллиард сўмга кўпаяди, 230 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳунармандчилик соҳасида «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасининг ёғоч ўймакорлиги ҳунармандчилик мактаби қошида устоз-шогирд мактабини ташкил этилиши натижасида қўшимча 500 нафар ёшлар бандлиги таъминланади. Натижада туман саноатига 2021 йилда қўшимча 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қўшилади.
Шунингдек, сессияда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва атрофлича муҳокама қилинди.