Тошкент “Фотосуратлар уйи”да Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, рассом Азиза Маматованинг “Вақт, инсон ва тафаккур” деб номланган кўргазмаси очилди.
Экспозициядан кўргазма муаллифи меҳр билан яратган Ватанимизнинг буюк аллома-мутафаккирлари, илм-фан, санъат, маданиятимизнинг таниқли сиймолари портретлари ўрин олган.
Мусаввир ҳар бир шахсга хос хислатлар, индивидуалликни, руҳий холатни ранглар воситасида тасвирлаб рассомлик санъатини миллий рангтасвир йўналишини янада бойитади.
Азиза Маматова 1947 йил 15 апрелда Қўқонда таваллуд топган. Россия Бадиий академиясининг И.Е.Репин номидаги рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморлик олий ўқув юртида тахсил олган. Шу ўқув юртида аспирантурада ўқиди.
Ҳозирда Камолиддин Бехзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида доцент лавозимида талабаларга сабоқ бермоқда.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Олтин медали” билан тақдирланган.
Ҳасан Абдуназаров