Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдони ҳар йили давлатимиз байроғи қабул қилинган санада ўзгача файз олади. Бу ерда Республика Маънавият ва маърифат маркази ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида Давлат байроғи қабул қилинган санани тантанали нишонлаш анъанага айлангани қувонарли.  Байроғимиз қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида ўтган тантанали тадбирни одатдагидек  Минҳожиддин Мирзо кириш сўзи билан очди.

 — Президентимизнинг хорижий давлатларга сафарлари давомидаги олий даражадаги учрашувлар чоғида, спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган пайтларида Ўзбекистон давлат мадҳияси чалиниб, байроғимиз кўтарилганда танимизни ёқимли титроқ чулғайди, кўзларимизга ёш қалқийди. Бу ҳолни тушунтириб, ифодалаб бериш қийин. Лекин аминманки, бу туйғу нима эканини Ўзбекистонни жон дилидан севгувчи фарзандлари яхши англайди, юракдан туяди, — деди РМММ раҳбари.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган куннинг 32 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ зиёлилар, маърифат тарғиботчилари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек сана муносабати билан ўтказилган танловлар ғолиблари ҳам муносиб раҳбатлантирилди. Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилиб, Миллий гвардия қўшинлари иштирокида ҳарбий чиқишлар намойиш этилди.

Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан вилоятлар, туманларда, пойтахтимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.

Муножат Мўминова