Куни кеча интернет (yuz.uz — изоҳ сайт ижодкорлариники)нашрида “Ватан учун қурбон бўлган ИИБ ходимининг муҳтож оиласига нега ёрдам кўрсатилмади?” сарлавҳа остида мақола эълон қилинди. Бу эса кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Унда келтирилишича, 2000 йил антитеррор тадбирларида юрт тинчлигини таъминлаш йўлида қурбон бўлган сержант Икром Саидаҳмедовнинг беваси Барно опа, II гуруҳ ногирони бўлган ўғли Саидолим айни кунда қийналиб яшаётган бўлишига қарамасдан пандемия даврида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “темир дафтар”га киритилмаган. Ушбу оила моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур масалани ўрганиб, ўз назоратига олди ҳамда тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди.
Таъкидлаш жоизки, Ички ишлар собиқ сержанти Саидаҳмедов Икромжон Сатимбоевич Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хафсизлиги бошқармасига бевосита бўйсунувчи 18-ёнғин хавфсизлик қисми катта ёнғин ўчирувчиси лавозимида 1996 йилнинг март ойидан 2000 йилнинг сентябрь ойига қадар хизмат қилган.
2000 йилнинг 23 сентябрь куни Бўстонлиқ тумани тоғли ҳудудларида ўтказилган “Антитеррор” тадбирида ёнғинни ўчириш вақтида аланга ичида қолиб кетган ва жароҳатланишига қарамай, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва давлат мулкини сақлаш йўлида ҳалок бўлган.
Вафотидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 12 январь кунидаги Фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирланган.
2020 йил 12 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аралашуви билан марҳумнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Уларга 1 млн. сўм миқдорида нақд пул шаклида моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шу билан бирга, ҳозирда Б.Сайдаҳмедова ва унинг ўғли II гуруҳ ногирони Саидолим Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида даволаниши, даво муолажалари тугагач, уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилди. Қолаверса, Бўстонлиқ туман ҳокимлиги томонидан ушбу оила “темир дафтар”га киритилиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ватан учун жонини фидо қилган, Юрт тинчлиги йўлида қурбон бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини ҳар қанча улуғласак арзийди. Уларнинг хотирасини ёд этиб, оиласи ҳолидан хабар олиш халқимизга хос эзгу қадриятлардандир. Зотан, мард ўғлонлар жасорати асло унутилмайди.