Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Буюк Британияда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар ва фаоллар томонидан илгари сурилган “Бухоро — яшил макон" хайрия лойиҳасининг сўнгги босқичи доирасида Бухорода дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Умумий ҳисобда Бухорони кўкаламзорлаштириш ва шаҳар ҳавоси сифатини яхшилаш ҳамда сув тошқинларининг олдини олиш кампанияси доирасида 6,5 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Ўзбекистон ландшафт санъати ассоциацияси ва бир қатор кўнгиллилар лойиҳанинг асосий ташаббускори, Бухоро шаҳри ҳокимлиги эса қабул қилувчи томон сифатида қатнашди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 100 минг еврони ташкил этади. Бу Британиядаги ўзбек диаспораси ва тадбиркорлар орасида ўтказилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишлари натижаси ўлароқ ҳамда  ЕТТБнинг махсус жамғармаси томонидан яшил ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган маблағларни жалб қилиш орқали тўпланган.

Лойиҳа ташаббускори ва менежери, ҳозирги пайтда ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолият юритаётган Камола Маҳмудова ва унинг лойиҳа ҳамкори — Кембриж университети доктори Тимур Юнусовнинг фикр билдиришича, лойиҳа илғор илмий тадқиқотлар, шунингдек, Бухоронинг иқлим шароитлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилган.

ЕТТБ томонидан ушбу ташаббус фаол қўллаб-қувватланишининг аҳамиятли жиҳатларидан бири, мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки бутун минтақада ижтимоий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган илк хусусий лойиҳа эканлигидадир. Келгусида ЕТТБ кўмагида ушбу дастурни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам амалга ошириш режалаштирилган.