Аждодларимизнинг сиёсий тарихи, этнологияси, халқ ҳаётининг у ёки бу соҳалари тарихи борасида турли мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ, ўзбек халқининг миллий-этник ва сиёсий тарихини боғлаб ўрганиш борасида тадқиқотлар кам. Уларнинг аксарияти эски тузум методологияси асосида яратилган шаблон, яъни биз билишимиз “мумкин” бўлган анъанавий тарихий ракурсда эди. Янги, холис, хорижий мамлакатлардаги бой тарихий манбалардан фойдаланишга “мумкин эмас”, деган табу ўрнатилган эди. Бунинг оқибатида инсоният тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон ҳудудининг ижтимоий тарихий ҳақиқати юзига парда тортилган эди. Мустақиллик, миллий ўзликнинг ўсиши, янгича фикрловчи ёш тарихчиларни майдонга келтирмоқда. Улар ҳақиқат юзини ғуборлардан тозалаб, халқимиз тарихининг шарафли ва ҳайратли саҳифаларини кашф қилмоқдалар.
Ёш тарихчи олим Б.Абдиримовнинг “Хоразмийларни излаб...” монографиясини шулар сирасига қўшса бўлади. Бунга сабабкитоб бир томондан, муаллифнинг илмий ҳалоллик, ўзига талабчанлигини, иккинчи томондан халқимиз тарихига чексиз ҳурматини ўзида мужассам қилганида. Унда хоразмликларнинг VIII-XIII асрларда Евроосиё кенгликларида кечган мураккаб этник ва сиёсий жараёнларда тутган ўрни ва аҳамияти бой, энг муҳими, шу пайтгача ўрганилмаган тарихий ва замонавий хорижий манбалар асосида очиб берилган. Бунинг ёрқин мисолларидан бири сифатида мўғул босқинини тўхтатувчи мақомини қозонган, келиб чиқиши Ануштегин хоразмшоҳлар сулоласининг вакили бўлганСайфиддин Қутуз шахсининг кашф этилишини кўрсатиш мумкин. Монографияда Сайфиддин Қутуз Мисрда юксак раҳбарлик, саркардалик маҳоратини кўрсатиб, Чингизхон зарбаларидан пароканда бўлиб кетган кучларни бирлаштириб, мўғулларни тўхтатгани оригинал манбалар асосида, тарихий далиллар билан исботланган.
Биз ёш олимларимизнинг жаҳон миқёсида фикрлашини истаймиз. Мана шу истак рўёби китобда бор. Муаллиф вилоятда яшаб, илмий ижод қилиб, дунё китобларини варақлабди. Бунинг исботи - китобда фойдаланилган 244 та ёзма манбанинг ярмидан кўпини хорижий оригинал манбалар ташкил қилади. Бу эса “Хоразмийлар изидан...” китобининг қадрини ошириб, мавқеини халқаро монографик тадқиқот даражасига кўтарган.
Монографияда Хоразм воҳаси, VIII-XIII асрларда хоразмликларнинг миграцияси масалалари ўрганилган.Ўша асрларда ўзбекларнинг Хазария, Булғор, Шарқий Европа, Венгрия, Кичик Осиё, Рум султонлиги, Левант, Мисрга миграциялашув жараёнлари ва бунинг сабаблари, самаралари очиб берилган. Муаллиф келтирган археологик, ижтимоий-сиёсий факт ва далиллар таҳлили ўша даврда хоразмликлар мисолида ўзбекларнинг тамаддун яратувчи миллат сифатида нафақат локал, балки глобал миссияни бажарганлари исботлаб берилган.
Китобда бу каби биз учун янги тарихий факт ва шахслар кўп. Масалан, XI аср бошларида туркий қабилаларнинг ғарбга миграцияси жараёнларининг сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий сабаб ва натижалари ҳақида бой маълумотлар тақдим этилган. Бунда Б.Абдиримов (гоҳида учраб турадиган) туйғуларга эмас, балки фактларга, хорижий тарихийтадқиқотлар натижаларига таянган. Уларнинг асарларини кенг илмий муҳокама платформасига олиб чиқа олган. Бу таҳсинга лойиқ.
Асар ўқувчига хоразмшоҳлар давлати ва мўғуллар, Туркон хотун, Султон Алоуддин Муҳаммад, Султон Жалолиддин шахслари ҳақида янги маълумотлар, янги мулоҳазалар беради. Унда ўзбек уруғлари тарихининг янги тафсилотлари, рамзлари бор. Халқимизнинг суронли, бирлашганида ғалабалар ёр бўлган,бўлинганида мағлубиятлар ичра кечган ҳарбий тарихи очиб берилган. Китобнинг турли расм, чизма, жадвал, сурат ва репродукциялар билан таъминлангани уни қизиқарли, ўқимли қилган.
Муаллифнинг принципиал ёндошувларидан бири – тарихий воқеалар ва тарихий шахсларга холис баҳо бериш, тарихий адолатни маҳкам тутиш. Бунинг мисолини Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад шахсига муносабатда кўрамиз. Мўғуллар ва советлар даври адабиётларида Хоразмшоҳ Султон Муҳаммадни салбий қаҳрамон сифатида тасвирлаш оддий ҳол эди. Зеро ўзбек халқининг ҳеч бир ҳукмдору саркардаси совет тарихчилари томонидан муносиб эътироф этилмаган. Аксинча, уларнинг шахсини, ишларини бузиб кўрсатиш одатга айланган эди, деб ҳисоблайди муаллиф.
Б.Абдиримов ҳақ. Чунки узоқ йиллар қаҳрамон аждодларимизга мустамлакачилар томонидан берилган салбий баҳо урф бўлиб келди. Бу эса бизнинг ўз миллий тарихимизга нохолис стереотип муносабатга айлантирилди. Чунки бизда аждодларимизнинг шахсий хусусиятлари, уларнинг қандай шароитда қандай қарор қабул қилганликлари тўғрисида холис манбалар йўқ эди. Ёш олим Б.Абдиримовнинг илмий холисликка асосланган, машаққатли изланишлари эвазига эришган ёндошуви ана шу ғаразли ва синфий ёндошувлар қоришиғи ўлароқ шаклланган стереотипларни синдиради. Буни монографияда келтирилган бир муҳим ва биз учун ифтихорли факт – Туркияда Согют Билежик вилоятидаги “Турк буюкларининг майдони”да Амир Темур ва Шоҳ Бобур қаторида Султон Муҳаммаднинг ҳам бьюсти ўрнатилгани тасдиқлайди.
Китобнинг маънавий-маърифий қиммати баланд. Унда уч минг йилдан зиёд давлатчилик тарихига эга ўзбек халқининг Ватан мустақиллиги учун курашларда кечган қонли ва шонли тарихи бор. Қонли дейишимизга сабаб - бирлашмаслик, ўзаро фитна-фасодлар, адоват, ҳасад, нафс қутқулари туфайли мағлубиятлар. Китобда ана шу маънавий иллатлар ташқи душманларга бизни қандай боғлаб берганини - аччиқ қисматларни кўрамиз. Шонли тарих деганда ҳар қандай гина-кудуратларни итқитиб ташлаб, бир мақсад, бир байроқ остида бирлашиб, буюк давлатлар, Ренессансларни яратиб, эришган ғалабаларимизни кўрамиз.Б.Абдиримовнинг китоби бизни тарихимизда учраган аччиқ хатоларни такрорламасликни, аксинча, бизни бирлаштирган драйверларни ривожлантиришимиз, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоямиз рўёби учун бир жон, бир тан бўлишимиз шартлигини уқтиради.
Китобда миллий қаҳрамонларимиздан бири Султон Жалолиддин Мангуберди сиймосига, ҳаёти ва қисматига алоҳида ўрин ажратилган. Бу бежиз эмас. Унинг жасоратга тўла ҳаёти, босқинчиларга қарши олиб борган мардонавор кураши, метин иродаси, буюк саркардалик истеъдоди нафақат ўзбек халқи, нафақат турк дунёси, нафақат ислом олами, балки жаҳон халқлари учун Ватанни қандай севишнинг тимсоли бўлиб қолади.
Хуллас, тадқиқотчи Бекзод Абдиримов “Хоразмликлар изидан” китоби билан халқимизга гўзал маънавий туҳфа тайёрлабди. Бу туҳфа ёшларимизга аждодларимизни қандай эъзозлашни, тарихни холис, илмийтушуниш ва тушунтиришни, Ватанни қандай севишни ўргатади.
М.ҚУРОНОВ,
Педагогика фанлари доктори, профессор