Мазкур театр биноси 1937 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда жуда абгор ҳолатда, капитал таъмирга муҳтож. Моддий техник базасидаги жиҳозлар ва бошқа керакли воситаларнинг ҳолати эскирган.

Шу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тартибда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш мақсадида вазир Ўзбекистон давлат ёшлар театрининг актёр ва актрисалари билан мулоқот олиб борди. Унда дастлаб театр фаолияти ва бу ерда намойиш этилаётган спектакллар мавзуси, театр ижодкорларининг муаммо ва камчиликлари борасида сўз борди.

О.Назарбеков ижодкорларга мурожаат қилар экан қуйидаги фикрларни билдирди:

“Аввало, шундай қаровсиз ҳолга келиб қолган бинода сабр билан ижод қилиб, бу даргоҳни севиб, унга ҳаётингизни бахш этаётганингиз учун раҳмат. Ҳозир бинони кўздан кечираётиб хаёлимдан бир фикр ўтди. Нега халқимизнинг севимли маскани деганда театрлар назарда тутилмайди? Нима сабабда шу театрда ишлайман, ҳаётимни театр билан боғлайман деган ёшларимиз оз? Нима учун вилоятларда фаолият олиб бораётган театрларимизда томоша заллари баъзан тўлмай қоляпти?

Тўғри, ҳар бир театрнинг ўз мухлиси бор, Ёшлар театрининг спектакллари томошаси учун ҳатто кассаларда билетлар қолмайдиган ҳолатлар кўп. Аммо менинг истагим театрларимизга маълум бир аудитори эмас, бутун халқимиз мухлислик қилишини истайман. Бунинг учун эса нималар қилишимиз керак? Қандай қилиб театрларнинг ҳақиқий рейтингини аниқлаш мумкин? Қандай усуллардан фойдалансак бўлади? Бу борада менга сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз жуда муҳим” - дея мурожаат қилди О.Назарбеков театр ижодкорларига.