Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар, Энергетика вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда 160 нафар бошқарув ходими 170 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Жумладан:
— Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та;
— Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та;
— Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та;
— Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мазкур вазирликларга Агентликнинг тақдимномалари киритилди.
Ўз навбатида, вазирликлар томонидан тақдимномалар танқидий муҳокама қилинган ҳолда тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳозирда бартараф этилмоқда, — дейилади хабарда.