Қолаверса, гидроэлектр станциялар қурилиши нафақат иссиқхона газларисиз энергия ишлаб чиқариш, балки қишлоқ хўжалиги ва аҳолини обиҳаёт билан таъминлаш йўлида ҳам муҳим бўлган сув ресурсларини самарали бошқаришга ҳам йўл очади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 мартдаги “Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим ишларга старт берди. Қарорда 2025-2026 йилларда республика ҳудудида жами қуввати 164 МВт бўлган 2 983 та микро ГЭС қуриш ва йилига 500 миллион кВт/соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш марраси олинган. Микро ГЭСларни ишга тушириш ҳисобига 280 минг юртдошимизни электр энергияси билан таъминлаш имкони пайдо бўлади.
Хўш нима учун “яшил” энергия, хусусан, гидроэлектр станцияларга катта урғу берилмоқда? Келинг, буни қазилма бойликлар воситасида олинадиган энергия билан солиштириб кўриш орқали ойдинлаштирамиз. Маълумотларга кўра, республикамизда йил бошидан апрель ойининг 13-санасигача барча гидроэлектр станциялар ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 3 млрд 707 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бунинг натижасида 1 миллиард 112,1 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилди, атмосферага 2 миллион 179 минг 716 тонна карбонат ангидрид ва 2 минг 179,7 тонна азот оксиди чиқишининг олди олинди. Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 4 миллион 633 минг 750 та хонадоннинг 4 ойлик ёки 1 миллион 544,6 мингта хонадоннинг бир йиллик талабини қондиради. Кўриниб турибдики, бу энергия тежамкорлик билан бирга, экология учун ҳам фойдалидир.
Бироқ қайта тикланувчи энергия манбалари ривожи муаммоларни ўз-ўзидан ҳал қилмайди. Хусусан, ГЭСлар сув ресурслари чеклангани ва экологик оқибатлар билан боғлиқ муаммолар олиб келиши мумкин.
Бугунги даврда ҳар бир тармоқ аниқликка ва реалликка таянади. Бу электр энергияси тизимига ҳам тааллуқли. Айниқса, сув омборлари хавфсизлиги электр энергияси, қишлоқ хўжалиги, аҳоли хавфсизлиги учун муҳим масала.
Бугунги кунда ГЭСлар, сув омборлари ва улардаги гидротехника иншоотлари хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, назорат-ўлчов қурилмаларидан олинаётган маълумотларни инсон омилисиз автоматик диагностика ва онлайн мониторинг қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ўзбекистонда илк маротаба АҚШ, Канада, Буюк Британия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитойнинг нуфузли компаниялари ижобий тажрибасини ўрганиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида техник ва ташкилий узилишларни бартараф этиш ҳамда ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш йўли билан гидроэнергетикада гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ахборот тизимларининг ягона мажмуаси – Вазиятлар марказини ишга туширди.
– Вазиятлар маркази АЖ бошқарувидаги сув омборларидаги сув ресурслардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, сув омборларидаги асосий кўрсаткичларни онлайн бошқариш, диагностика қилиш масалаларини автоматлаштириш учун ташкил этилди, – дейди “Ўзбекгидроэнерго АЖ етакчи мутахассиси Жаҳонгир Аҳрорқулов. – Бу марказ сув омборларидаги сув ресурслари, назорат ўлчов қурилмалари, ҳамда гидроэлектр станцияларда кунлик электр қувватлари ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, автоматлаштиришга хизмат қилади.
Марказ жойлардаги тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, жамият тасарруфидаги жами 6 та сув омбори ҳамда 80 тадан зиёд катта ва кичик ГЭСни реал вақт режимида мукаммал кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятини яратди.
Шунингдек, чуқур ўрганишлар асосида АЖ тасарруфидаги сув омборлари хавфсиз ишлашини таъминлаб бориш мақсадида барча турдаги назорат-ўлчов қурилмаларига замонавий датчиклар ўрнатилиб, маълумотларни онлайн тарзда юқори аниқликда узатиш, сув омборлари хавфсизлик ҳолатини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳодисаларни электрон тарзда автоматик қайд этишга эришилди. Бунда объектларга Италиянинг нуфузли “SISGEO” компаниясининг замонавий ва юқори аниқликдаги жами 1 минг 500 га яқин қурилма ва жиҳози (датчиклар) ўрнатилди.
Бу орқали олинаётган ахборотларнинг ишончлилиги ва тезкорлиги ортиб, сув омборларидаги гидротехника иншоотлари учун ишлаб чиқилган миқдор ва сифат ташхис кўрсаткичлари билан боғлиқ хавфсизлик мезонларини инсон омилисиз онлайн тарзда назорат қилиш, баҳолаш, уларни оператив таҳлил қилиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилди.
Амалга оширилган барча рақамлаштириш ва автоматлаштириш чора-тадбирлари асносида республикамизда биринчи маротаба маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда сув омборлари учун хавфсизлик мезонлари ишлаб чиқилди. Бунда сув омборини хавфсиз ишлатиш бўйича мезоний кўрсаткичлар белгиланди. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарувидаги сув омборларида тўлиқ автоматлаштирилган тизим яратилди.
Бундан ташқари, тизимда Германиянинг Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси томонидан ҳудудда сув захираларини аниқлаш, узлуксиз космик кузатувларга асосланган сув захирасини мониторинг қилиш “MODSNOW” дастури жорий этилди. Бу билан сунъий йўлдошдан олинган фото ва видеосуратлар ёрдамида математик ҳисобларни амалга ошириш орқали қор захирасини катта аниқлик билан ҳисоблаш имкони яратилди.
Вазиятлар маркази фаолияти тизимдаги электр энергияси ишлаб чиқариш, гидротехник иншоотлар барқарорлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш, иншоотлар умумий эксплуатациясидаги барча технологик ва техноген вазиятларни доимий кузатиб бориш, марказлашган АСКУЭ тизими билан интеграция қилиш, ГЭСлар ва сув омборларида ўрнатилган замонавий дастурий технологиялар, илғор асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш қурилмалари орқали автоматик равишда тизимли мониторингни олиб боришга мўлжалланган.
– ГЭСларнинг электр ҳисоблагичлардаги маълумотларни Вазиятлар маркази узатиш белгиланган эди. Ҳозир 550 та электр ҳисоблагич алмаштирилиб, марказ билан интеграция қилиниб, шу ердан кузатиб туриш имкони яратилди, – дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ етакчи мутахассиси Шерзод Жалилов. – Олдин бу ишлар қўлда бажариларди.
АЖнинг рақамли трансформация дастури доирасида марказдаги маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, хавфсиз алоқа тизимини жорий этиш, турли зарарли дастурлардан ҳимоя қилиш бўйича корпоратив тармоқ яратилди. Жамият биносида маълумотларни қайта ишловчи марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Тизимдаги барча ГЭС ва сув омборларида марказлашган IP телефония тизими фойдаланишга топширилди.
Замон талабидан келиб чиқиб, тизим корхоналарида интеллектуал видеокузатув тизимлари ўрнатилди. Барча корхоналар мингдан ортиқ янги авлод камераси билан жиҳозланиб, Вазиятлар марказига маълумотлар тўғридан тўғри онлайн узатиб борилиши таъминланди.
Қолаверса, бирор ахборот тизимида носозлик, техник узилиш юзага келса, уни марказ орқали тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш мумкин бўлади. Яъни Вазиятлар маркази ташкил этилиши билан гидроэнергетика соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми яратилди.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти эришилган натижалар билан кифояланмасдан, келгусида соҳани рақамлаштириш борасида кўплаб ислоҳотларни амалга оширилишини ўзи учун белгилаб олган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сув омборларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Мавлонжон Фозиловнинг сўзларига кўра, эндиликда сув омборларининг хавфсизлик даражаси инсон омилисиз белгилаб борилади. Сув сатҳи, омборга қуйилаётган ва чиқаётган сув миқдорини назорат қилиш мумкин. Шунингдек, ҳудуднинг қор билан қопланганлик даражаси, фильтрация жараёнлари, сейсмология, “Ўзбеккосмос” маълумотлари ҳамда ҳудуддаги фактик об-ҳаво маълумотлари олинади. Бунинг учун жамиятга қарашли ҳар бир сув омборига метеорологик станциялар ўрнатилган. Улардан олинган маълумотлар реал вақт режимида кўриниб туради.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мақола “Янги Ўзбекистон“ газетасининг 2025 йил 28 май, 107 сонида чоп этилган
Ҳамкорлик материали