Бу ҳақда CNN хабар қилди.

Венесуэла Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригеснинг мамлакатдаги вазиятга бағишланган кундалик брифингида маълум қилишича, табиий офатдан жабрланганлар умумий сони 12 841 нафарни ташкил этган.

Унинг айтишича, турли мамлакатлардан ҳамда Венесуэланинг ўзидан жалб этилган 4 мингдан ортиқ қутқарувчи ва кўнгиллилар 6461 кишининг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тахминан 50 минг кишини бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда. Парламент раисига кўра, уларнинг қарийб 30 минг нафари энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра шаҳри порт ҳудудида бўлган. Унинг фикрича, тирик қолганлар сони 20 минг кишига етиши мумкин, чунки кўпчилик вайроналар остидан мустақил равишда ёки яқинлари ёрдамида чиқиб чиққан.

Шунингдек, Хорхе Родригес соғлиқни сақлаш ходимлари, хавфсизлик хизмати ва ўт ўчирувчиларни зилзила оқибатида юзага келган уй-жой муаммоларини ҳал қилиш учун «Patria» платформасида рўйхатдан ўтишга чақирган.

Маълум қилинишича, мамлакат бўйлаб 25 та вақтинчалик лагерь ташкил этилган. Шундан 13 таси Ла-Гуайрада, 8 таси Каракасда, иккитаси Мирандада, биттадан Карабобо ва Яракуй ҳудудларида жойлашган. Ҳукумат лагерларни жиҳозлаш ва жабрланганларни у ерларга жойлаштириш ишларини давом эттирмоқда.

Парламент раиси 24 июндан буён мамлакатда 782 та афтершок қайд этилганини, аммо уларнинг такрорланиш частотаси ва кучи аста-секин пасайиб бораётганини маълум қилди.

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес зилзила қурбонлари хотирасига мамлакатда етти кунлик миллий мотам эълон қилди.

«Бундай қайғули кунларда фожиа қурбонлари ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилишга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди у.