Мулоқот давомида ФарДУ ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети ўртасидаги ҳамкорлик истиқболи, бу бўйича олийгоҳнинг қўшма факультети фаолиятини янада кенгайтириш, мамлакатимизда аграр соҳани кучайтириш, картошкачилик, узумчилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, анорчилик каби йўналишларни ривожлантириш, соҳа бўйича кучли мутахассисларни тайёрлаш, академик алмашинувлар орқали бакалавр, магистр, ёш илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Меҳмонлар “Қатағон қурбонлари” хотира музейида бўлиб, олийгоҳ тарихи, Фарғона водийси ўтмишига оид маълумотлар билан танишди.
Олийгоҳда Венгрия ўқув хонасининг очилиш маросими байрамона тус олди. Энди мазкур ўқув хонаси ўзбекистонлик ва венгриялик талабаларнинг тил ўрганиши, тарихий-маданий билимини бойитишда билим маркази бўлиб хизмат қилади.
Венгриялик меҳмонлар учрашув давомида университет кампуси билан яқиндан танишиб, яқинда фойдаланишга топширилган педагогика-психология факультети биноси, у ерда фаолият бошлаган “Нилуфар” талабалар театр студияси, гимнастика машғулотларини кўздан кечирди.
Учрашув чоғида олийгоҳнинг ёш илмий тадқиқотчилари, докторантлари, профессор-ўқитувчилари, олимлари иштирокида инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Бунда узумчилик, анорчилик, доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш йўналишларида янги илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ўз лойиҳа ва режаларини тақдим этди.
Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети ректори уларни ўз мамлакатига тажриба алмашишга таклиф этди. Бу каби ёш ва ташаббускор тадқиқотчилар учун грантлар ажратиш, ташриф ҳаражатларини таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, узумчилик, мевачилик ва сабзавотчилик қўшма факультетининг Оқбилол агроучасткасида бўлган меҳмонлар янги барпо этилаётган токзорлар, иссиқхона, полиз экинлари, ўрикзор, боғдорчилик ишлари билан танишди ҳамда олийгоҳда ўргатилаётган назарий билимлар мунтазам равишда амалиёт билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлди.