Учрашувда сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро муносабатлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга туртки беришга ва икки томонлама алоқаларнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлишга қаратилган. Унинг якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, спорт ва таълим каби соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича шартномаларнинг йирик тўплами имзоланиши кутиляпти.
Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини олиб бориш учун янги венгер компанияларини жалб этиш ҳамда бу соҳада қўшма илмий изланишлар олиб боришни назарда тутган ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик доирасида эришилган ютуқлар ва уни кенгайтириш истиқболлари алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳа таклифларини биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалда жорий этиш бўйича ҳамкорларни излаб топиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдони ривожлантиришни муҳокама қилиб, Будапешт шаҳрида Ўзбекистон – Венгрия савдо уйининг самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, саноат маҳсулотлари қўшма кўргазмаларини ва савдо миссияларини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.
Мулоқотда жорий йилнинг февраль ойида Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши якунида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди ҳамда уларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида белгиланган вазифалар, режалаштирилган тадбирлар ва келишилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.