Тошкентда 29 март куни Ўзбекистон-Венгрия бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлгани ҳолда, уни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийяарто, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси А.Икрамов, Венгрия савдо палатаси президенти Л.Парраг, "OTP Банк" бошқарув раисининг ўринбосари, Венгрия томонидан Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси Л.Вольф ва масъул вазирлик ва идора вакиллари ҳамда икки мамлакатнинг тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Унда сўзга чиққан Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийяарто икки давлат алоқаларини ривожлантиришнинг ижобий динамикасига эътибор қаратди. Қолаверса, ҳар икки мамлакат рахбарлари иқтисодий шерикликни изчил кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, ишбилармонларни ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга чақирди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов ҳам ўз нутқида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади.
Тадбир давомида Венгрия компанияларига хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг очиқлигини таъминлаш ва жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, шаффоф ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини босқичма-босқич қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, турли хил соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва ҳизматларини ҳамкорлик қилиш истагида бўлган бизнес вакилларига намойиш этиб, ҳамкорликнинг афзалликлари ва унинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишдилар. Улар ўртасида қизғин музокаралар ўтказилиб, бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди.
Ўз навбатида, Савдо-саноат палатаси 2022 йилда Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларини қўллаб-қувватлашда амалий натижаларга эришишга қаратилган режаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилишдан сўнг вазирлик ва идоралар, саноат уюшмалари ҳамда Ўзбекистон ва Венгриянинг этакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” ва “В2В” учрашувлари ўтказилди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо битимларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар. Учрашувлар натижасида фаолиятнинг турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор икки томонлама шартномалар имзоланди.
Маълумот учун, 2021 йил январь ҳолатига кўра республикада Венгрия иштирокидаги 10 та корхона мавжуд бўлиб, улардан 6 таси қўшма корхоналар ва 4 таси эса юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.