Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни драйвер соҳага айлантириш, мамлакатимизнинг минтақавий IT маркази сифатидаги нуфузини ошириш юзасидан қилинаётган ишлар бугун Бухоро вилоятида ҳам ижобий самарасини бермоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг ахборот технологиялари соҳаси бўйича Бухоро вилояти брендини яратиш лозимлиги борасидаги топшириғига ҳудуд ёшларининг ўзига хос жавоби, десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, “SHIFT академияси” ўқув маркази айни пайтда малакали дастурчилар тайёрлаш борасида вилоятда етакчилар қаторида туради. Бу ерда касб сирларини ўрганаётган ёшлар Европанинг энг илғор компанияларига дастурий маҳсулотларини экспорт қиляпти. Хусусан, ўқув маркази ёш мутахассисларининг Германия тиббиёт муассасаларидаги иш жараёнини рақамлаштириш учун алоҳида дастур ишлаб чиққани бошқа мамлакатларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди.

— Бир йилда фаолиятимиз кўламини ўн баробар кенгайтирдик. Бугун ахборот-технологиялари бўйича мутахассислардан ташқари, фрилансер дастурчиларни ҳам тайёрлаяпмиз, — дейди Бухоро шаҳридаги “SHIFT академияси” ўқув маркази раҳбари Абдусобир Ҳалимов. — Платформамиз мукаммаллиги жиҳатидан ҳам илғор ўқув марказлари билан бемалол беллаша олади. Барча муваффақиятимиз асосида давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имтиёзлар турибди. Ҳозир академиямиз тингловчилари 80 нафардан ошди. Келгусида бу кўрсаткични янада яхшиламоқчимиз. Энди Бухорода катта IT мактабини яратиб, билимни экспорт қилишни режалаштиряпмиз. Бунинг учун бизда етарлича салоҳият мавжуд.

Отабек Бобомуродов марказ дастурчиларидан. Унинг учун ҳам бугунги имкониятлар алоҳида рағбат вазифасини ўтаяпти. Ёш дастурчи касбий қизиқиши ортидан мўмай даромад топаётганидан мамнун. Президентимиз раислигида ўтган йил 14 апрелда АКТ ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилишда О. Бобомуродов ҳам иштирок этди.

— Талабалик давриданоқ дастурчиликни мустақил ўргана бошлаган эдим. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг тенгдошларимиз билан ўз марказимизни ташкил қилдик. Ўндан ортиқ ёш мутахассислар Европанинг етакчи компаниялари эътиборига тушди. Президентимиз билан мулоқотдан сўнг жамоамизни янада кенгайтиришга киришдик. Тез орада дастурчиларимиз сони 100 нафардан ошади, — дейди Отабек Бобомуродов.

Вилоятдаги “Воҳидов IT академияси” ўқув маркази ҳам ҳали фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Аммо 60 нафарга яқин йигит-қиз бу марказда кафолатли таълим олмоқда. Шу қисқа вақт оралиғида ёшларнинг халқаро бозорда ҳам ўз ўрнини топганини эришган натижаларидан англаш қийин эмас.

— 2017 йили онлайн фаолият юритиб, ахборот технологиялари бозорида ўз ўрнимизни топишни мақсад қилган эдик. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни минтақавий IT марказга айлантириш бўйича топшириқлар берганидан сўнг йўналишимизни ўзгартириб, янгича тизим асосида ишлай бошладик. Компьютер саводхонлиги, веб-дастурлаш, мобиль дастурлаш, график дизайн, робототехника, киберспорт ва IT Еnglish каби йўналишлар бўйича ўқиб, сертификат олган тингловчиларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқди, — дейди дастурчи-фрилансер Фурқат Воҳидов.

2023 йилда вилоятда дастурчилик йўналишида махсус сертификатга эга ёшлар сонини 50 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Ахборот технологияларини ўргатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, малакали ахборот технологиялари мутахассисларини тайёрлаш, ёшларни соҳага қизиқтириш ҳамда уларни касбга йўналтириш мақсадида йўлга қўйилган бу ишлар ҳозирданоқ самара бераётгани юртимиз ёшларининг заковати ва ақлий салоҳиятини ҳам амалда кўрсатяпти.